Жамият | 16:05 / 30.10.2021
9547
3 дақиқада ўқилади

“Ватандошлар” фонди нима учун ташкил этилди? – Бошқарув раиси билан суҳбат

Жорий йилнинг 11 август куни Президентнинг тегишли қарори билан “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Uzbek.life портали фонд Бошқарув раиси Одилжон Сатторов билан интервью ташкил этди. Суҳбат янги фонднинг фаолияти, вазифалари ва келажакдаги режалари мавзусида кечди.

Амалий ёрдам бериш масалаларини кўриб чиқмоқдамиз

Фонднинг асосий мақсади хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ватандошларни ўз тарихий ватани олдида жипслаштириш, уларнинг қалбида, онгида юрт билан фахрланиш туйғусини янада юксалтириш, қолаверса, уларнинг хорижда ташкил этган жамоат ташкилотларига амалий ёрдам бериш, мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожида уларнинг иштирокини таъминлаш этиб белгиланди. Фондимиз олдида бир қатор вазифалар мавжуд. Бунинг учун қисқа муддат ичида жамоани шакллантирдик ва ватандошлар билан мулоқот қилишни бошладик.

Бевосита олдимизда турган вазифаларга тўхталадиган бўлсам, биринчи навбатда, хориждаги ватандошларимизнинг жамоат ташкилотлари, бирлашмалари билан алоқаларни ўрнатиш, уларга ҳуқуқий, моддий, амалий ёрдам бериш масалаларини кўриб чиқмоқдамиз. Бундан ташқари, хорижда истиқомат қилувчи, улкан илмий-амалий тажрибага эга бўлган олимлар, профессионаллар билан турли лойиҳалар устида ишлаш ҳам олдимизда турган вазифалардан бири саналади. Ушбу лойиҳалар сирасига хориждаги ватандошларимиз орасида ўзбек тилининг адабий меросини талқин қилиш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказиш, ушбу тадбирларда кўзга кўринган олимлар, фан арбоблари, спортчилар, диний уламолар, санъат ва маданият вакиллари иштирокини таъминлаш кабилар киради. Бир сўз билан айтганда, чет элдаги ватандошларимиз билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу йўлда тегишли вазирликлар, муассасалар учун таклифлар ишлаб чиқиш фондимизнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

“Ватандошлар” жамоат фонди бошқарув раиси Одилжон Сатторов

Республика фуқароларига тенглаштирилган ҳолда ОТМда ўқиш имконияти яратилади

Қарорда хорижда истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг ўзбек тили, маданияти, кино ва санъати йўналишларида Республика фуқароларига тенглаштирилган ҳолда олий таълимда ўқишига имконият яратиш масаласи ҳам қўйилган. Ушбу масалани биз Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда келгуси ўқув йилидан йўлга қўйишни режа қиляпмиз. Бунда чет элдаги ватандошларимизнинг қайси йўналишларда таълим олиш истагида эканлиги ҳам ҳисобга олинади.

Бу каби вазифалар ижросини таъминлашда ўзбек тилининг аҳамияти чуқур эканлигини англаган ҳолда ватандошларимиз орасида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш учун ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, якшанба кунлари ўзбек тилини ўргатиш тўгараклари ташкил этиб, уни бевосита порталимиз орқали йўлга қўйишни мақсад қиляпмиз.

Тўлиқ видеони UzbekLifeнинг YouTube’даги каналиди томоша қилинг.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди

Мавзуга оид