Жамият | 18:00
578
2 дақиқада ўқилади

Дубайда “Ватандошлар” минтақавий форуми бўлиб ўтди

Унда хориждаги юртдошларни қўллаб-қувватлаш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир “Ватандошлар” жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Қатар, Иордания, Кувайт ва Уммон ҳудудларида яшаб келаётган юртдошлар, ўзбек жамоат бирлашмалари вакиллари ҳамда хорижда таҳсил олаётган ёшлар қатнашди.

Мазкур ушрашув 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Ватандошлар бутунжаҳон қурултойига тайёргарлик доирасидаги навбатдаги – тўртинчи минтақавий форум ҳисобланади.

Тадбир давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган янгича ёндашувлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, яратилаётган янги имкониятлар ҳамда чет элдаги юртдошларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Форум доирасида хорижда ўзбек тили ва маданиятини асраш, тарғиб қилиш, илм-фан ва инновациялар соҳасида ватандошлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда инвестиция алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ватандошлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир хориждаги ватандошлар билан доимий ва амалий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг билим, тажрибасини мамлакат тараққиётига йўналтиришда муҳим платформа экани қайд этилди.

Маълумот учун, жорий йил давомида “Ватандошлар” минтақавий форумлари Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ҳамда МДҲ давлатларида ҳам ташкил этилиб, ушбу учрашувлар доирасида ватандошлар томонидан 200 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилган.

Мавзуга оид