Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пойтахтда «Ватандошлар» минтақавий форуми ўтказилди
Тошкент шаҳрида МДҲ ва Марказий Осиёда яшаётган 70 дан ортиқ юртдошлар иштирокида минтақавий форум бўлиб ўтди. Унда ўзбек тили, таълим, маданият ва диаспоралар фаолияти муҳокама қилинди. Тадбир глобал ўзбек диаспорасини бирлаштириш ҳамда 2026 йилги Бутунжаҳон ватандошлар қурултойига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди.
Тадбирда Россия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларда яшаётган 70 нафардан ортиқ ватандошлар иштирок этди. Форум хориждаги юртдошлар билан мунтазам мулоқот ўрнатиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи платформа сифатида эътироф этилди.

Мазкур минтақавий учрашув Европа мамлакатлари, АҚШ ва бошқа давлатларда йил давомида ўтказилган форумларнинг мантиқий давоми бўлиб, глобал ўзбек диаспорасининг жипслиги ва фаоллигини яна бир бор намоён этди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, форум ватандошлар билан тизимли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларни Ватан билан боғловчи кўприкни кучайтиришга қаратилган муҳим майдон ҳисобланади.

Тадбир давомида ўзбек тили, таълим, маданият ва диаспоралар фаолиятини ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хориждаги ўзбек мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар, миллий-маданий марказлар раҳбарлари ҳамда турли йўналишларда ишлаётган юртдошларнинг фикр-мулоҳаза ва ташаббуслари тингланди.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, бундай учрашувлар 2026 йилда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон ватандошлар қурултойига тайёргарлик жараёнининг муҳим босқичини ташкил этади. Форумлар орқали янги ғоялар, амалий ташаббуслар ва халқаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари шаклланмоқда.

“Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур мулоқотлар нафақат янги лойиҳаларнинг юзага келишига, балки Ватан равнақи йўлида бирлашган кучли ва фаол глобал ўзбек ҳамжамиятининг шаклланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.