16:08 / 30.10.2021
4260

Европарламент Еврокомиссияни Европа судига берди

Европарламент Польшага нисбатан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен айтган санкциялар жорий этилишини кутмоқда.

Фото: Global Look Press

Европарламент Еврокомиссияни Евроиттифоқ таркибидаги давлатлар қонун устуворлигини бузгани учун жазолаш тўғрисидаги регламентдан фойдаланмагани учун Европа судига берди. Бу ҳақда Европарламент раиси Давид Сассоли маълум қилди.

ЕИ қонунлари устуворлиги механизми 2020 йил декабрда ЕИ саммити иштирокчилари томонидан маъқулланган ва кучга кирган, аммо шу вақтга қадар ундан фойдаланилмаганди. Механизмда Еврокомиссия қонун устуворлиги бузилгани учун маблағлардан мақсадли фойдаланмаслик хавфи мавжуд мамлакатларга умумий бюджетдан маблағ ажратилишини қисқартириши мумкинлиги кўзда тутилган.

Ўз навбатида, Польша ва Венгрия мазкур регламент ўзларига қарши қўлланилишидан хавфсираб, Европа судига қонун устуворлиги механизмига қарши даъво билан мурожаат қилди. Бу борадаги қарор бир неча ойдан кейин қабул қилиниши кутилмоқда ва Еврокомиссия унга қадар мазкур механизмдан фойдаланмасликка қарор қилди.

Сассолининг сўзларига кўра, Европарламент Польшага нисбатан Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен айтган санкциялар жорий этилишини кутмоқда.

“Сўзлар амалда ҳам бажарилиши керак”, – деди Европарламент раиси.

7 октябр куни Польша Конституцион суди ЕИ қонунчилигининг айрим қисмлари мамлакат Конституциясидан устун эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилганди.

Октябрь ўрталарида Европа парламенти Польшанинг ЕИдан оладиган маблағини қисқартиришни талаб қилувчи резолюция бўйича овоз берган.

Top