16:32 / 01.11.2021
7062

Дунёдаги ҳар учинчи саноат роботи Хитой учун ишламоқда

Хитой саноат роботларидан энг кўп фойдаланаётган мамлакат бўлиб турибди. Ҳозирда ушбу мамлакатда 943 минг 223 та робот ишламоқда.

Фото: Xinhua/Ren Chao

Халқаро робототехника федерацияси расмий ҳисоботига кўра, айни пайтда дунё бўйлаб 3 миллионта саноат роботлари мавжуд. Бу кўрсаткич бир йил олдингига нисбатан 10 фоизга ўсган.

Федерация экспертларининг фикрича, 2021 йилда саноат тармоқларида роботларни ўрнатиш кўрсаткичи 13 фоизга ошиб, 435 минг донани ташкил этиши кутилмоқда.

Саноат роботлари учун дунёдаги энг йирик бозор Осиё ҳисобланади: 2020 йилда сотиб олинган барча роботларнинг 71 фоизи ушбу қитъа давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Бу борада битта мамлакат учун энг юқори кўрсаткич Хитойда қайд этилган бўлиб, ҳозирда ушбу мамлакатда 943 минг 223 та робот ишламоқда ва йил якунигача бу кўрсаткич 1 миллиондан ошиши прогноз қилинган.

Япония Хитойдан кейин иккинчи энг йирик саноат роботларига эга мамлакат бўлиб турибди. Гарчи Сovid-19 пандемияси таъсирида мамлакатда саноатнинг роботлашув кўрсаткичи 23 фоизга камайган бўлса-да, Япония робототехника бозори 2021 йилда 7 фоизга ва 2022 йилда 5 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Саноат роботларидан энг кўп фойдаланувчи учинчи мамлакат сифатида АҚШ қайд этилган. Қўшма Штатларда 2021 йилда роботлаштирилган қурилмалар сони 17 фоизга ўсиши мумкин.

Саноат роботлари қўлланиладиган асосий соҳалар электроника ва автомобиль саноати ҳисобланади.

2021 йил робототехника компаниялари учун жуда муваффақиятли бўлиши кутилмоқда ва глобал ўсиш тахминан 13 фоиз атрофида бўлади.

Top