Ўзбекистон | 14:26 / 01.11.2021
8697
2 дақиқада ўқилади

Эргаш Шоисматов «Дўстлик» ордени билан мукофотланди

Президент фармонига мувофиқ Ўзбекистоннинг Тожикистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эргаш Шоисматов "Дўстлик" ордени билан мукофотланди.

Фото: Asia-Plus

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Эргаш Шоисматовга орден давлат бошқаруви органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш, кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш йўлидаги сермаҳсул фаолияти, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун берилди.

Эргаш Шоисматов 1951 йилда таваллуд топган, Тошкент политехника институтини тамомлаган. У турли йилларда энергетика ва электрлаштириш вазири, «Ўзбекэнерго» компанияси раиси (2001−2006 йиллар), бош вазир ўринбосари (2006−2010 йиллар) — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари бўйича мажмуаси раҳбари бўлган.

Э.Шоисматов 2014 йил февралидан энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши раиси бўлиб ишлаган, 2016 йил декабрида «Ўзтрансгаз» компанияси бошқаруви раислигига тайинланган. 2017 йил августида у бошқа ишга (Энергетика ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши) ўтиши муносабати билан унинг ўрнига Алишер Мустафоев компаниянинг янги раҳбари этиб тайинланган.

2018 йил феврал ойида Эргаш Шоисматов Тожикистондаги миссиясини якунлаган Шоқосим Шоисломов ўрнига Ўзбекистоннинг янги элчиси бўлди.

Мавзуга оид