Ўзбекистон | 19:26 / 02.11.2021
9818
2 дақиқада ўқилади

Йилига 200 миллион туп кўчат экишни режа қилганмиз – президент

Бундан буён, экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари масъул бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселекторда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинишини маълум қилди.

«Шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошлаймиз.

Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга оширишни режа қилганмиз.

Бунда, лойиҳани амалга ошириш учун зарур ташкилий чоралар, техникалар, ирригация тармоқлари ва бошқа инфратузилма билан таъминлаш, дарахтларни парвариш қилиш ҳамда молиявий манбалар каби масалалар ҳал қилиб берилади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу умуммиллий лойиҳани амалга ошириш бўйича янги ташкилий тизим жорий қилинади.

«Бунда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топиши керак. Ушбу экиш ишларини тўғри ташкил қилиш учун, биринчи навбатда мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонлар ҳудудининг эгаси туман (шаҳар) ҳокими қарори билан белгилаб берилади.

Бириктирилган масъуллар мавжуд дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод ҳолда сақлаш учун ҳам жавоб беради.

Шу мақсадда, бугундан бошлаб 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинади», деган давлат раҳбари.

Мавзуга оид