17:05 / 05.11.2021
5752

Европа яна коронавирус эпимарказига айланиши мумкин – ЖССТ

2022 йилнинг февралига бориб Европада яна ярим миллион одам коронавирус қурбони бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бутун қитъада касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабли Европа яна бир бор пандемия марказига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ташкилотнинг қитъа бўйича раҳбари Ханс Клюге матбуот анжуманида Европада февралга бориб яна ярим миллион одам коронавирус қурбони бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди. Касалланиш ҳолатлари ортишини эмлаш жараёнларининг режадагидай кетмаётгани билан изоҳланган.

У коронавирус бўйича услубни ўзгартириш лозимлигини, одамларга тиббий ёрдам кўрсатишдан тортиб то уларни касалликдан ҳимоялашгача босқичларни қайта кўриб чиқишга ундади.

Сўнгги ойларда бутун Европада вакцинация тезлиги секинлашган. Испанияда аҳолининг 80 фоизга яқини тўлиқ эмланган бўлса, Франция ва Германияда бу кўрсаткич камроқ - мос равишда 66 ва 68 фоиз. Баъзи марказий ва шарқий Европа мамлакатларида бу жараён кескин тарзда секинлашган.

Шунингдек Клюге ўлим ҳолатининг ортиши бевосита карантин қоидаларининг юмшатилгани билан боғлиқ эканини айтиб ўтди. Айни пайтгача ЖССТ минтақа бўйлаб 1,4 миллион ўлим ҳолатини қайд этган.

Ҳозир Россия ва Украина давлатларида коронавирус тарқалиши авжида, уларда вакцинация ҳам секин боряпти. 2021 йил октябрь ҳолатига кўра, россияликларнинг атиги 32 фоизи тўлиқ эмланган.

Top