Футбол бўйича Ўзбекистон Coca-Cola Суперлига баҳсларининг жорий йилги мавсуми якунланиб бормоқда.
6 ноябрь куни Coca-Cola Суперлигада 24-тур учрашувлари ўз поёнига етди. Диққатга сазовор жиҳати – тур доирасидаги «Пахтакор» – «Сурхон» учрашувида «шерлар» 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва учрашув якунлангач, муддатидан аввал чемпионлик масаласини ҳал қилган жамоага мамлакат чемпиони учун аталган соврин топширилди.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ташкил этилган Coca-Cola Суперлига чемпионини тантанали тақдирлаш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими, «Пахтакор» футбол клуби раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев, МОҚ вице-президенти Шерзод Тошматов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев, ўзбек футболи афсонаси Биродар Абдураимов иштирок этишди. Шунингдек, стадионда тўпланган кўпсонли ишқибозлар «Афруз» гуруҳи, Dj.Piligrim ижросидаги концерт дастурига ҳам гувоҳ бўлишди.
Coca-Cola Суперлиганинг 2021-йилги мавсуми давомида ишончли ва барқарор ўйин намойиш этган «Пахтакор» жамоасини чемпионлик билан табриклаш учун сўзга чиққан Жаҳонгир Ортиқхўжаев «шерлар»ни 14-чемпионлик билан табриклаб, жамоани янада яхши даражага олиб чиқиш ва ёшларга имконият бериш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар давом эттирилиши ҳақида таъкидлаб ўтди.
«Жамоани янги ва қудратли ёшлар билан қурамиз. «Пахтакор» нафақат Тошкент ёки Ўзбекистонда, балки дунё ареналарида чемпионликни ўз қўлига олиши учун барча ҳаракатларни амалга оширамиз», - деди шаҳар ҳокими.
«Пахтакор» ўз тарихида 14-бор Ўзбекистон чемпионати олтин медалларига сазовор бўлди ва бу борада мутлақ рекордчи бўлиб турибди. Тошкент жамоаси Coca-Cola Суперлига-2021да ғолиб чиқиш орқали келаси йили Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлишди.