Ер шарининг қуриб бораётган кўллари: Бу борада Орол ёлғиз эмас
Бугун дунёнинг исталган чеккасида иқлим ўзгаришларининг кескин таъсирини сезиш мумкин. Кўллар қурияпти — ҳавога чанг-тўзон кўтариляпти, музлар тиклаб бўлмас даражада эриб кетяпти — шаҳарларни сув босяпти.

Фото: funart.pro
Иқлим ўзгаришлари аслида ўтган асрнинг 50-йилларида саноат инқилоблари рўй берган пайтда бошланган. Дарёларнинг суви саноат ривожлангани сайин кўпроқ сарф этилган. Аҳоли сони кўпайиб ичимлик суви ва озиқ-овқатга бўлган талаб ошиб борган. Бу талаблар ортидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун янгидан янги ҳудудлар ўзлаштирилган ва уларни суғориш учун дарёлар тўсилган. Шу тариқа, энг катта босим дарё ва сойлардан тўйинадиган кўлларга тушган ва аввало уларнинг суви камая бошлаган.

Бугунги кунда дунёдаги айрим кўлларнинг суви кўпаяётган бўлса, уларнинг айримлари иқлим ўзгаришлари сабабли қуриб кетиш хавфи остида қолмоқда. Қуйида сўнгги йилларда батамом қуриб кетиш хавфи остида бўлган кўллар ҳақида сўз юритилади.
Кўллар
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ер юзида рўйхатга олинган ва олинмаган 117 миллионта катта-кичик кўллар бор. Улар Ер юзи сатҳининг 4 фоизини эгаллайди. Бу кўлларнинг аксарияти нисбатан шимолий қутбга яқин мамлакатларда жойлашган. Масалан, биргина «кўллар мамлакати» деб аталувчи Канаданинг ўзида 2 миллиондан ошиқ кўл бор. Баъзи маълумотларда уларнинг сони 4 миллиондан ошиқ, дейилади. Шунингдек, Россияда ҳам 2 миллиондан ошиқ кўл мавжуд.

Сайёрамиздаги энг йирик кўл – Каспий денгизи. Бир пайтлар Орол денгизи дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган. Сўнгги йилларда унинг суви кескин камайиб кетди ва ҳозирда у энг йирик кўллар рейтингида дастлабки ўнталикка ҳам кирмайди.
Орол денгизи
Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Орол денгизи собиқ иттифоқнинг Марказий Осиёда амалга оширган турли режалари ортидан қуришни бошлаган. 1991 йилга келиб денгиз суви 50–60 фоизга камайган, у эгаллаб турган ҳудуд ҳам 30–35 фоизга қисқарган. Орол денгизининг суви ундан кейин ҳам камайишда давом этди ва бугун у 10 минг квадрат километрдан кам ҳудудни эгаллаб турибди.

Ўтган асрнинг 50–60-йилларидан бошлаб Москва Марказий Осиёда жуда катта ҳудуддаги қўриқ ерларни ўзлаштира бошлайди. Янги очилган ерларга асосан сув сарфланадиган пахта экила бошлаган. Шу сабабли минтақадаги иккита асосий дарё бўлган Амударё ва Сирдарёнинг олди тўсилиб, бир неча йирик сув омборлари қурилади.
Бу сув омборларида йилнинг ёғингарчилик кўп бўладиган фаслларида сув йиғилар ва ёзда пахтага сув керак бўлганда қўйиб юборилар эди. Тожикистондаги «Норак», «Қайроққум», Қирғизистондаги «Тўқтағул», Қозоғистондаги «Чордара» сув омборлари шу тахлитда ишлаган. Қолаверса, янги ерлар ўзлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг ўзида ҳам кўплаб сув омборлари қурилган. Шу тариқа Помир ва Тиёншон (Тянь-Шань) тоғларидан оқиб тушадиган сувлар Оролга камроқ борган. Кейинчалик умуман бормай қўйган.
1961 йилда Орол денгизининг умумий майдони 66 минг квадрат километр эди. Ўшангача сувнинг буғланиши натижасида Орол денгизи сатҳи ҳар йили 1 метрга пасайган. Амударё ва Сирдарёдан борган сув бу йўқотиш ўрнини тўлдириб турган. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб ҳар икки дарёдан борадиган сув ҳажми камайиб борган. Оқибатда денгиз сатҳи нафақат аввалги йиллардагидан кўпроқ пасайган, балки қирғоғи ҳам қисқариб бораверган. Шу тариқа, 1990-йилларга келиб Орол остонасини денгиз сувлари ювиб турган Мўйноқ шаҳридан анча узоқлашиб кетади.

1989 йилдан бошлаб Орол денгизи иккита мустақил сув ҳавзасига – Катта Орол ва Кичик Оролга бўлинган. Уларни тор бир канал ўзаро туташтириб турган. Кейинчалик Катта денгиз ҳам қуриди ва ҳозирда кичик денгизда сув бор, холос.
СССР ҳукумати томонидан Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги авжига чиқарилган йилларда Оролнинг қуриб бораётганини Ўзбекистон ҳукумати ҳам, Москвадаги раҳбарлар билишарди. Аммо бу ҳақда ҳеч қаерда гапирилмас, ёзилмасди. Фақат 1985 йилга келиб СССР раҳбарлиги Михаил Горбачёвга ўтганидан сўнг матбуотда бошқа долзарб мавзулар қатори Орол денгизининг қуриб бораётгани ҳақида ошкора чиқишлар бошланди.
Пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан 1970-йилларда Москва бир тарафдан Орол денгизининг қуриб бораётганини оммадан яширган. Иккинчи тарафдан мамлакатга миллионлаб тонна пахта кераклиги учун Марказий Осиёга Сибирь дарёларининг сувини олиб келиш режалари устида ҳам ишлаган. Бу масалада Қозоғистон шимолида ишлар бошлаб юборилган. Аммо Горбачёв бошлаган ошкоралик сиёсати туфайли россиялик олимлар, адиблар ва бошқа зиёлилар Москванинг бу режасига қарши чиқишган.

Ўшанда Россиянинг кўзга кўринган олимлари агар Обь ва Иртиш дарёларининг суви Марказий Осиёга йўналтирилса, ҳар икки дарёда сув сатҳи пасайиши ва оқибатда уларда экологик инқироз юз беришини маълум қилишган. Шунингдек, Шимолий Муз океанининг Обь дарёси бориб қуйиладиган қисмида туз миқдори ошиб кетишини ва у ерда туз миқдори кам бўлган сувда яшашга мослашган денгиз жонзотлари қирилиб кетишини айтишган. Шу омиллар инобатга олиниб, Сибирь дарёларининг сувини Марказий Осиёга оқизиш режаси тўхтатилган.

Мустақиллик йилларида Оролни асраб қолиш учун анча ишлар қилинди. Халқаро Оролни қутқариш фонди ташкил этилди. Денгиз ўрнида кўкаламзор ҳудудларни ташкил этиш мақсадида ҳар йили миллионлаб саксовул кўчатлари экиляпти ва уруғи сепиляпти.
Буюк Шўркўл (Great Salt Lake)
Буюк Шўркўл – АҚШнинг ғарбий қисмида Юта штати Буюк Ҳавза Тоғлари орасида, денгиз сатҳидан 1 280 метр баландликда қурғоқчил ҳудудда жойлашган. У музлик даврида бўлган улкан Бонневил кўлининг бир қисми ҳисобланади.

Унга учта – Бэр, Вибер ва Жордан дарёлари келиб қуйилади. Кўлнинг майдони ўртача 4351 километр квадратни ташкил этади. Буғланиш ва сув оқимига қараб унинг майдони йилнинг турли йилларида 2,5 мингдан 6,2 минг километргача бўлади.

Буюк Шўркўл 1900-1904-йилларда деярли қуриб қолган. 1935 йилдан унинг сатҳи аста-секин кўтарила бошлаган. Кўлнинг ўртача чуқурлиги 4,5-7,5 метрни, энг чуқур жойи 13-15 метрни ташкил этади. Бу кўлда сувдаги туз миқдори 137-300 промиллени ташкил этади. Солиштириш учун чучук сувли кўлларда туз миқдори 1 промилле атрофида бўлади.

1959 йилда кўлнинг ўртасидан темир йўл ўтказилган ва у икки қисмга бўлиниб қолган. Сўнгги йилларда АҚШдаги табиатни ҳимоя қилиш ташкилотлари мамлакат ҳукуматидан кўлни иккига бўлиб қўйган темир йўлни бошқа жойга кўчириш ва Шўркўлни яхлит ҳолга келтиришни талаб қилмоқда. Аммо уларнинг талаблари ҳозирча эътиборсиз қолмоқда.
Иқлим ўзгаришлари туфайли Шўркўл суви яна кескин камайишни бошлаган. Соҳа мутахассислари вазият шундай давом этаверса, яқин келажакда Шўркўл яна қуриб қолишини айтишмоқда.
Чад кўли
Чад кўли (Lake Chad) — Ғарбий Африкада Судан, Нигерия, Нигер ва Чад давлатлари чегараларининг қўшилиш жойида жойлашган. Ушбу кўл денгиз сатҳидан 250 метр баландликда жойлашган. Унга Шари ва Комадугу-Йобе дарёлари қуйилади. Кўлнинг майдони 10 мингдан 26 минг километр квадратгача, чуқурлиги 4 метрдан 11 метргача боради.

Африкадаги мазкур кўлнинг суви ҳам ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб кескин камая бошлаган. 1970-1980-йиллар оралиғида унинг сатҳи 3,9 минг километр квадратгача қисқарган. 1980-йиллар охири, 1990-йиллар бошида Чад кўлининг сувидан фойдаланиш тўрт маротаба ошган.

2006 йилда Disaster Monitoring Constellation халқаро Ерни кузатув дастури орқали мониторинг ўтказилганда кўлнинг ҳудуди ўтган асрнинг 50-йилларига қараганда 25 маротаба қисқаргани маълум бўлди. Шунингдек, 2001 йилда NASA ходимлари Чаднинг 38 йил аввал туширилган фотосуратлари билан янги фотосуратларини солиштириб кўриб, кўл шитоб билан қуриб бораётгани ҳақида маълум қилишганди.
Юэяцюан кўли (Хитой)
Юэяцюан кўли – Хитойнинг Гансу провинциясида, Дунҳуанг шаҳридан 5 километр узоқликда, Гоби саҳросида жойлашган. Мазкур кўл ҳар томондан қум бўронлари таъсиридан ҳимоя қиладиган тепаликлар билан ўралган. 1960 йилда кўлнинг ўртача чуқурлиги 4,5 метр, энг чуқур жойи 7,5 метр бўлган. 1970 йилда Данг дарёсига тўғон ўрнатилди. Шундан сўнг ер ости сувлари мувозанати бузилиши оқибатида Юэяцюан қурий бошлади.

1990-йиллар бошларида кўлнинг ўртача чуқурлиги 0,9 метрни, энг чуқур жойи эса 1,3 метрни ташкил этган. Сув юзаси майдони 5,5 минг метр квадратгача қисқарган.

Бир неча йил давомида ҳукумат воҳани қуриб кетишидан сақлаб қолиш учун кўлга сув етказиб беришни режалаштиради. Аммо маблағ етишмаслиги туфайли бу режа амалга ошмайди. Фақат 2006 йилда маҳаллий ҳокимият марказий ҳукумат кўмагида кўлни сув билан тўлдира бошлайди. Ўшандан кейин кўлнинг чуқурлиги ва катталиги аввалги ҳолига қайтади. Юэяцюан кўли тарихийлиги учун ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Ҳонгжианнао кўли (Хитой)
Ҳонгжианнао кўли — Хитой чўлларидаги энг катта кўл ҳисобланади. У Шимолий-Ғарбий Хитойда, Шанси провинциясида жойлашган. Ушбу кўл провинциянинг шимолий-ғарбий қисми учун муҳим сув ҳавзаси бўлган. Анча йиллардан буён кўлда сув доимий равишда камайиб келмоқда.

1968 йилда кўл майдони 32,16 километр квадратни ташкил этган бўлса, 1990-йиллардан бошлаб кўл қурий бошлади ва унинг қирғоғи 800 метрга қисқарди.

Ундан кейин ҳам ушбу кўлдаги сув муттасил камайиб келмоқда. 1986 йилдан бугунгача кўлнинг суви 50 фоиздан ошиқроқ камайган.
Урмия кўли (Эрон)
Урмия – Эроннинг шимоли-ғарбидаги шўр сувли ёпиқ кўл. Ушбу кўл денгиз сатҳидан 1 275 метр баландликда жойлашган. Унинг соҳиллари асосан паст, шўр ва ботқоқликлардан иборат. Мазкур кўлга Курд тоғларидан дарё ва сойлар суви қуйилади. Энг йирик ирмоғи – Жагату дарёси. Урмия кўлининг майдони мавсумий ва йиллик ёғингарчилик миқдорига қараб ўзгариб туради. Унинг майдони турли мавсумларда 5,2-6 минг километр квадратгача кенгаяди. Узунлиги тахминан 140 километр, кенглиги 40-55 километрни ташкил этади. Кўлнинг энг чуқур жойи 16 метрга етади.

Бугунги кунда Урмия кўли қуриб йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. 1998 йилдан кейин кўлга сув берадиган дарё ва сойларнинг тўсилиши, ундан сув оладиган шаҳар ва қишлоқларда эҳтиёж ортиши, шунингдек, қурғоқчилик туфайли кўлнинг 70 фоиз қисми қуриган. Эронлик мутахассисларнинг қайд этишича, Урмия кўли остида 10 миллиард тонна туз бор. Агар у қуриса 14 миллион аҳоли бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлади.

2012 йилда Эрон ҳукумати Урмия кўлини сақлаб қолиш учун Арманистон билан бу давлатдан сув келтириш учун розилик олинганини маълум қилди. Шунингдек, Озарбойжон ҳудудидан оқадиган Аракс дарёсидан сув олиш бўйича музокаралар ўтказилган.
2013 йилда Эрон ҳукумати Урмияни сақлаб қолиш учун Каспий денгизидан кўлга қараб сув оқизиш лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлади. 2014 йилда Эроннинг собиқ президенти Ҳасан Руҳоний кўлни сақлаб қолиш учун 500 миллион доллар маблағ ажратилиши ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозирча Эрон ҳукумати томонидан кўрилаётган турли чораларга қарамасдан Урмия кўлининг суви камайиб бормоқда ва шошилинч чоралар кўрилмаса, яқин келажакда у қуриб қолиши тахмин қилинмоқда.
Ўлик денгиз
Ўлик денгиз Иордания ва Исроил давлатлари чегарасида денгиз сатҳидан 395 метр чуқурликда жойлашган кўл. Мазкур кўлга биргина Иордан дарёси қуйилади. Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, денгиз жойлашган ҳудудда аҳолининг ер ости сувларини янада кўпроқ ола бошлаши Ўлик денгиз сувининг муттасил камайиб боришига сабаб бўляпти. Соҳа мутахассислари хулосаларига кўра, ҳолат ҳозиргидай давом этаверса яқин келажакда Ўлик денгиз батамом қуриб қолади.

Мазкур кўлнинг суви дунёдаги энг шўр ҳисобланади. Бу кўлда айрим бактериялардан ташқари тирик жонзот яшамайди. Ҳисоб-китобларга кўра кўл остида 40 миллиард тоннадан ошиқ туз захираси бор.
Қайд этилишича, Ўлик денгизнинг суви сўнгги 100 йилда 80 фоизга камайган ва унинг сатҳи 25 метрга пасайган. Сўнгги йилларда мазкур кўл сатҳи ҳар йил 1 метрга пасайиб бормоқда.

1977 йилда мазкур кўл икки қисмга бўлиниб қолади. Унинг шимолий қисмини кўлдан бром ва калий хлорид қазиб оладиган компаниялар эгаллаб олишади. Ана шу ҳолат бу ерда экологик офатни келтириб чиқаради ва кўл суви камайишини тезлаштиради.

Ўлик денгиздан Иордания ва Исроил бирдай туризм мақсадларида фойдаланиб келади. Аммо кўл суви кескин камайиши бу соҳага ҳам жиддий зарар етказмоқда.

Сўнгги йилларда Исроил ва Иордания Қизил денгиздан Ўлик денгизга сув келтириш лойиҳасини биргаликда амалга оширишни кўриб чиқмоқда. Лойиҳага кўра, канал қазилади ва у орқали Қизил денгиз суви Ўлик денгизга оқизилади. Ушбу лойиҳа қиймати 3-4 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда. Агар мазкур лойиҳа амалга оширилса, Ўлик денгизни сақлаб қолиш имконияти бўлади. Акс ҳолда ушбу кўл ҳам яқин келажакда қуриб кетади.
Фагибин кўли, Мали
Фагибин кўли — Саҳрои Кабирнинг Мали ҳудудидаги қисмида жойлашган кўлдир. Мазкур кўл Нигер дарёсидан 75 километр узоқликда жойлашган. Кўл бир қанча дарё ва бошқа кўллар билан ўзаро боғланган. Серёғин йилларда Нигер дарёсидан тошган сув мазкур кўлгача етиб келади. Қурғоқчилик юз берган йилларда эса кўл сатҳи пасайиб, унинг суви камайиб кетади. Иқлим ўзгаришлари мазкур кўлга ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти ва у қуриб бормоқда.

Ўтган асрда Фагибин кўли бир неча марта тошиб кетган. Шунингдек, қурғоқчилик рўй берган йилларда қуриб қолган. Масалан, 1924-1930 ва 1951-1955-йилларда кўл суви тошиб, атрофдаги бошқа сув ҳавзалари билан қўшилиб кетган. 1914, 1924, 1944-йилларда эса қурғоқчилик сабабли у қуриб қолган.

1970-йиллардан бошлаб кўлнинг суви сурункали камайиб келмоқда. Ўтган йилларда Нигер дарёсида тўғонлар қурилмоқда ва Фагибин кўлига дарёнинг суви умуман ўтмаяпти. Шу сабабли ҳатто серёғин келган йилларда ҳам дарё суви кам миқдорда бўлса-да камаймоқда. Мали ҳукумати хорижий ҳамкорлар билан Фабигин кўлини асраб қолиш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Аммо бунинг кўлга нафи сезилмаяпти.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши туфайли дунёнинг яна бошқа кўплаб кўлларида ва дарёларида сув камайиб бормоқда. Масалан, Волга ва Урал дарёлари келиб қуйиладиган Каспий денгизида, шунингдек, Ер юзидаги энг йирик дарёлардан бири Нилда ҳам сув камайиб бораётгани айтилмоқда.
Афтидан, ҳолат ҳозиргидай давом этаверса яқин бир неча ўн йилларда Ер шарининг қуруқ минтақаларида жойлашган дарёларда сув янада камаяди ва аксарият кўллар қуриб қолади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Хоразм ва Жиззахда сифатсиз бензинни сотувга чиқарган заправкалар аниқланди
Ўзбекистон | 10:40
-
ЖЧ саралаши: Италия йирик ҳисобда ютқазди, Белгияда ҳам муваффақиятсиз старт
Спорт | 10:40
-
Экспертлар: Россияга бомбардимончиларни алмаштириш учун йиллар керак бўлади
Жаҳон | 10:22
-
Тошкент ва Сурхондарёда кучли таъсирга эга дориларни сотаётганлар ушланди
Ўзбекистон | 10:06
Мавзуга оид

08:50 / 16.05.2025
Орол тубида шўрланишга чидамли ўсимлик синовдан ўтказилди

15:55 / 26.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов

08:53 / 19.03.2025
Айдар-Арнасой кўлларида ўтказилган рейдларда 423 млн сўм жарималар белгиланди

23:08 / 21.09.2024