Жаҳон | 12:08 / 09.11.2021
4707
2 дақиқада ўқилади

Никарагуа президенти европалик сиёсатчиларни “фашистлар” деб атади

Фото: CESAR PEREZ / PRESIDENCIA NICARAGUA

Никарагуа президенти Даниэль Ортега мамлакатда ўтган президент сайловларидан кейин мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги рақибларини танқид қилди. У Европа кенгашининг Никарагуадаги авторитар тузумга қарши янги санкциялар киритиши ҳақидаги баёнотига шундай жавоб қайтарган.

“Ҳозирда Европа иттифоқи каби маълум бўлган бу жойда парламентарийларнинг аксариятини фашистлар ва нацистлар ташкил қилади, бу кўпчиликни ташкил қилувчи фашистлар томонидан бошқариладиган демократиялардир”, деб айтган Ортега.

Сиёсатчининг таъкидлашича, Европа етакчилари ўз фашизми сабабли Жанубий Американинг социалистик давлатларини ёмон кўради.

Бундан ташқари, Никарагуа президенти сайловлар олдидан ҳибсга олинган мухолифатчиларни “ватан хоинлари” деб атаган. “Булар никарагуаликлар эмас, улар ватан хоинлари”, деб айтган сиёсатчи.

Аввалроқ Никарагуада президент сайловлари ўтиб, унда амалдаги президент Даниэль Ортега навбатдаги марта ғалаба қозонди, унинг рафиқаси Росарио Мурильо эса вице-президент бўлди.

70 ёшли сиёсатчи давлат раҳбари лавозимини учинчи марта эгаллайди. Ортега номзодини 72,5 фоиз сайловчилар, унинг асосий рақиби Максимино Родригесни 15 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлаган. Ортега президент лавозимини илк бор 1984 йилда эгаллаган. 1990 йилдаги сайловларда у мухолифат номзодига ютқазиб қўйган, бироқ 2006 йилда яна ҳокимият тепасига қайтган. Ўшандан бери у мамлакатга узлуксиз раҳбарлик қилиб келмоқда.

Мухолифат сайловларни “майнабозчилик” деб атаган ва уларни тан олишдан бош тортган. АҚШ президенти Жо Байден ҳам Никарагуадаги сайловларни танқид қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид