Жаҳон | 17:07 / 31.12.2024
2016
2 дақиқада ўқилади

Аргентина суди Никарагуа президентини ҳибсга олишга ордер берди

Аргентинада Никарагуа президенти Даниэл Ортега инсон ҳуқуқларини бузиш айблови билан қидирувга берилди. Аввалроқ мамлакат Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳам ҳибсга олишга ордер берганди.

Фото: Reuters

Аргентина суди Никарагуа президенти Даниэл Ортега ва унинг вице-президенти Росарио Мурилога инсон ҳуқуқларини бузиш айблови билан қидирув эълон қилди. Бу ҳақда Никарагуа ҳукуматига нисбатан тергов ўтказилишига эришга адвокат Дарио Ричарте маълум қилди.

«Икки ярим йиллик терговдан кейин судя ҳозиргина Даниэл Ортега ва Росарио Мурилио, шунингдек, ўнга яқин бошқа шахсларни сўроққа чақириш ва халқаро қидирувга бериш сўрови билан ҳибсга олиш ордерини берди», — деб ёзади Ричарте ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

Аргентина судига кўра, инсон ҳуқуқларини бузганлик борасидаги айблов — ҳар қандай миллий юрисдикциядан ташқарида, шунинг учун бошқа давлат раҳбарини сўроққа чақириш ва уни ҳибсга олиш учун ордер бериш қонуний ҳаракатдир.

Сентябр ойида Аргентина суди Венесуэла президенти Николас Мадурога нисбатан шу каби қарор чиқарганди. Шу куннинг ўзида Венесуэла Олий суди Аргентина президенти Хавер Милейни, ушбу мамлакат хавфсизлик вазири Патрисия Булрич, шунингдек, президентнинг синглиси ва маслаҳатчиси Карина Милейни пул ювиш ҳамда ноқонуний озодликдан маҳрум этишда айблаб, ҳибсга олиш бўйича ордер берган.

Мавзуга оид