Жаҳон | 14:42 / 10.11.2021
6082
2 дақиқада ўқилади

Маскнинг бойлиги бир кунда 33 млрд долларга камайди

Илон Маскнинг бойлиги Tesla компанияси акциялари нархи тушиши ортидан камайди. Сешанба куни акциялар 12 фоизга арзонлашди. 

Фото: Getty Images

Дунёнинг энг бой оадми, Tesla раҳбари Илон Маскнинг бойлиги бир кунда 33,3 млрд долларга камайди.

Forbes Real-Time рейтинги маълумотига кўра, миллиардернинг бойлиги 271 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Душанба куни кечқурун унинг бойлиги 304,3 млрд долларга тенг эди.

Йўқотишга қарамасдан, Маск жаҳоннинг энг бой кишилари рўйхатида биринчи ўринни сақлаб қолди. Ундан кейинги ўринда 205,9 миллиард доллар билан Amazon асосчиси Жефф Безос турибди.

Маскнинг бойлиги Tesla компанияси акциялари нархи тушиши ортидан камайди. Сешанба куни акциялар 12 фоизга арзонлашди. 

Tesla акциялари нархи Маск Twitter орқали ўз акцияларининг 10 фоизини сотиши тўғрисида сўровнома ўтказгандан кейин кетма-кет икки кундан буён пасаймоқда.

Орегон штати сенатор-демократ Рон Уайден фақат энг бадавлат кишиларгагина тегишли бўлган янги “миллиардерлардан олинадиган солиқ” турини киритишни таклиф этганидан кейин Tesla асосчиси мазкур сўровномани ўтказишга қарор қилганди.

Маскнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтда АҚШда солиқ тўлашдан бўйин товлаш усулларидан бири — амалга оширилмаган даромад ҳақида кўп гапириляпти. Бу вазиятда электромобиллар ишлаб чиқарувчи компаниясининг 10 фоиз акциясини сотишдан бошқа чора қолмайди.

Маълум бўлишича, сўровнома ўтказилишидан бир кун аввал Илон Маскнинг укаси Кимбал Маск ўзига тегишли 88 500 дона акциянинг ҳар бирини 1229,91 доллардан сотиб юборган.

Мавзуга оид