16:19 / 11.11.2021
8589

Лукашенко Европага газ транзитини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди

Беларусь орқали Ямал-Европа трансмиллий магистрал экспорт газ қувури ўтган, дея қайд этди Лукашенко.

Фото: EPA/Vostock-photo

Беларусь президенти Александр Лукашенко Ғарбнинг янги санкцияларига жавобан Европага газ транзитини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.

“Польша чегарани ёпиш билан қўрқитмоқчи. Марҳамат, ёпинг: у ерга камроқ қочқинлар боради. Гап бунда эмас”, – дея Лукашенконинг сўзларидан иқтибос келтиради БелТА агентлиги.

“Беларусь орқали транзитни ёпиб қўйсак-чи? Украина орқали ўтмайди: Россия чегараси ёпиқ. Болтиқбўйи орқали йўл йўқ. Поляклар ва масалан, немисларга ёпиб қўйсак нима бўлади? Бизни ўз суверенитетимиз ва мустақиллигимизни ҳимоя қилишда ҳеч нарса тўхтата олмаслиги керак”, – деди у.

Беларусь орқали Ямал-Европа трансмиллий магистрал экспорт газ қувури ўтган, дея қайд этди Лукашенко.

“Биз Европани иситяпмиз, улар эса чегарани ёпиш билан таҳдид қилишяпти. У ерга табиий газ берилишини ёпиб қўйсак-чи? Шунинг учун Польша, Литва раҳбарияти ва бошқа боши йўқларга гапиришдан олдин ўйлашни маслаҳат бераман”, – деди у.

Беларусь ва ЕИ мамлакатлари чегарасидаги миграцион инқироз ёзда, Беларусь президенти Александр Лукашенко ноқонуний мигрантлар оқимига қарши курашмаслигини айтганидан сўнг юзага келганди.

Польша чегара хизматида таъкидланишича, 8 ноябрдан бери республика чегараси яқинида 2-4 минггача муҳожир тўпланган. Улар Европа Иттифоқи ҳудудига ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Top