Ўзбекистон | 07:53 / 12.11.2021
4751
4 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитасининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат божхона қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Давлат божхона қўмитаси давлат божхона хизмати органлари тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминловчи, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, давлатнинг иқтисодий манфаатлари ва хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасидаги назорат бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси  Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари, «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси, божхона постлари, Божхона институти, Марказий божхона лабораторияси, шунингдек Миллий кинология маркази ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардир.

Давлат божхона қўмитаси тизимига қуйидагилар киради:

  • Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати;
  • Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўйича бошқармалари;
  • «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси;
  • божхона постлари;
  • Божхона институти;
  • Марказий божхона лабораторияси;
  • Миллий кинология маркази.

Давлат божхона қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • ўз ваколати доирасида Ўзбекистон иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;
  • божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш;
  • божхона тўловларини ундириш;
  • божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
  • ўз ваколатлари доирасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолияти иштирокчиларининг фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш;
  • ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, шунингдек ташқи савдо операцияларининг божхона органларига тааллуқли қисмини ўтказишда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш;
  • товарлар импорти ва экспорти тузилмаси ҳамда динамикасининг чуқур таҳлилини, шунингдек, импорт ҳажми ҳам жисмоний, ҳам қиймат ўсишининг сабаблари таҳлилини амалга ошириш;
  • ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш;
  • суд экспертлик фаолиятини амалга ошириш;
  • Ўзбекистон давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг ТИФни нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • фуқароларнинг божхона соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
  • хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш;
  • божхона органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш;
  • божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;
  • ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш масалалари бўйича манфаатдор идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш;
  • Ўзбекистон халқаро шартномаларининг божхона ишига тааллуқли қисмидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш.

Мавзуга оид