Ўзбекистон | 14:12 / 16.11.2021
8019
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қандли диабетга чалинганлар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланганлар сони 245 мингдан кўпроқ, улардан 2,3 мингдан ортиғи – болалар. Республикада юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича халқаро дастур амалга оширилади.

Фото: ЖССТ

15 ноябрь куни ЖССТ Жаҳон қандли диабет жамғармаси билан биргаликда “Ўзбекистон ва Қирғизистонда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юқумли бўлмаган касалликларнинг (ЮБК) профилактикаси ва назорати имкониятларини яхшилаш” мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари ва бошқа давлатлардан мутахассислар иштирок этди.

ЖССТ Европа минтақавий бюроси Ўзбекистон ва Қирғизистонни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида юқумли бўлмаган касалликларнинг (ЮБК) профилактикаси ва назорати имкониятларини яхшилаш” номли уч йиллик лойиҳани бошламоқда.

Тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ҳам қатнашди.  Фото: ЖССТ

Жаҳон қандли диабет жамғармаси томонидан ҳам молиялаштирилаётган ушбу лойиҳанинг бюджети 1 миллион доллардан ортиқ бўлиб, у 2030 йилга келиб ЮБК оқибатида эрта ўлимлар сонини учдан бирга қисқартириш ва умумий тиббий қамровга эришишга ҳисса қўшади.

Қандли диабет – юқумли бўлмаган касалликларнинг тўртта асосий туридан биридир. Халқаро диабет федерацияси маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 425 миллиондан зиёд одам ушбу касалликдан азият чекмоқда ва уларнинг аксарияти 2-тоифа диабет билан оғриган беморлардир. Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланганлар сони 245 мингдан кўпроқ бўлиб, улардан 2,3 мингдан кўпи болалар, 879 нафари эса ўсмирлардир.

Лойиҳа бирламчи тиббий-санитария ёрдамига, беморларга терапевтик таълим бериш, ҳамшира ва бошқа тиббий ходимларнинг малакасини ошириш орқали ЮБК ва сурункали касалликлар устидан мустақил назоратни яхшилашга эътибор қаратган ҳолда, ЮБК клиник амалиётида асоратларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш орқали умумий тиббий қамровни таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, лойиҳа далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш ва клиник амалиёт билан сифатни яхшилашга тизимли ёндашувни амалга ошириш орқали бошқарувни такомиллаштиришни кўзда тутади.

Мавзуга оид