Ўзбекистон | 15:12 / 17.11.2021
6608
6 дақиқада ўқилади

Тиббий ниқоб ҳамон керак: Коронавирусдан қутулмай, гриппга тутилиш хавфи бор

Ўзбекистонда негадир ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди. Кўчаларда-ку майли, жамоат транспортларида, бозорларда ҳам ниқобли одамлар камнамо бўлиб қолди. Лекин бугунги кунда фақат коронавирусдан эмас, умуман респиратор касалликлардан, айниқса гриппдан қаттиқ ҳимояланиш шарт.

Фото: Kun.uz

Сўнгги пайтда коронавирус жиловлангандек, ҳамма касалланиб тузалиб чиққандек тасаввур ўйғонган. Коронавирус тарқалиши бўйича маълумотлар деярли ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди, аранг ўрганган элементар ҳимоя усулларини яна унутдик, қўйдик. Аслида дунёдаги вазият ҳамон мураккаб, бизда ҳам бир неча кун ичида оғирлашиб кетиши ҳеч гап эмас. Лекин коронавирус туфайли орттирган тажрибамиз айни кунларда асқотиши тайин. Чунки юқори нафас йўллари касалликлари тарқалиши бўйича вазият ниҳоятда жиддий. Хусусан болалар орасида касалланиш анча юқори.

Айниқса пойтахт Тошкентда сўнгги кунларда касалланиш ҳолатлари кескин ошгани туфайли юзлаб болалар шифохоналар йўлакларида ётишга мажбур бўлмоқда. Куни кеча вазир Беҳзод Мусаев тунги вақтда шаҳар шифохоналарида бўлиб, тезкор чоралар кўришга топшириқ берган.

Умуман, инсоният ҳар йили ўткир репиратор касалликлар, хусусан грипп билан касалланиб чиқади. Бирор бир касаллик кенг ва кўп тарқалиши бўйича гриппга яқин ҳам кела олмайди. Ҳатто бутун дунёни фалаж ҳолатига келтириб қўйган коронавирус касаллиги ҳам келтирган зарари кўлами, ўлимлар сони ва энг муҳими – тарқалиш тезлиги бўйича гриппга ета олгани йўқ. Ҳар йили ёши катталарнинг ўртача 30, болаларнинг 10 фоизи албатта бу касалликка чалинади. Иқтисодиёт катта зўрар кўради, тиббиётга мавсумий юклама кескин ортиб кетади, касаллик ҳаётий муҳим аъзоларда жиддий асоратлар қолдиради. Йиллик ўлимлар сони дунё миқёсида миллионга қадар боради.

Маълумот учун: 1918 йилда бошланган ва 1920 йилда якунига етган ҳамда тарихга “испанка” номи билан кирган грипп пандемиясида камида 550 миллион киши касалланган. Бу ўша пайтда Ер аҳолисининг тахминан 30 фоизини ташкил қилган. Турли маълумотларга кўра 20-100 млн одам касалликдан вафот этган ва бу аҳолининг 1-5,5 фоизига тенг келган. Бу рақамлар мазкур пандемия инсониятга энг оғир зарар келтирган деган хулоса қилишга асос бўла олади.

Кўпчиликни бир савол қизиқтиради – нега шунча минг йиллик ва кенг тарқалган касалликнинг давоси йўқ? Гап шундаки, грипп (қадимги номи – инфлюэнца) вирусининг фанга маълум вариантларининг ўзи 2000 тадан ортиқ. Ҳар йили бу вариантлар бир-бирлари билан қоришиб, мутацияларга учраб, турли штаммлар шаклида пайдо бўлаверади ва айнан вирусга қарши олдинги тажрибаларни амалда йўққа чиқараверади. Жаҳон тиббиёти эса яна вируснинг ўзига эмас, асосан касалликнинг белгиларига, асоратларига қарши курашишга мажбур.

Тиббиётнинг гриппга қарши узоқ йиллик курашида грипп ғолиб бўлган, деб айтиш мумкин. Чунки у тарқалмаган ҳудуд ёки ижтимоий гуруҳ йўқ, эҳтиётсизлик қилиниши биланоқ юқади ва ўзи белгилаган муддат якунига етмагунча организмни тарк этмайди. “Гриппни даволасанг, 7 кунда тузаласан; даволанмасанг, бир ҳафтага чўзилиб кетади”, деган гап бежиз айтилмаган.

Юқиш йўллари ва ҳимоя

Юқиш йўллари жуда оддий – энг кенг тарқалгани бемор аксиради ва ҳавога миллиардлаб вирусларни сочиб юборади. Атрофдагилар эса бу ҳаводан нафас олади ва юқтириб кетаверади. Шунингдек, ҳаво-томчи усулида вирус юзаларга ўтириб қолади, контакт орқали тарқалади.

Демакки, ҳимоя ҳам оддий ва бугунги кунда жуда долзарб. Унутган ниқобни қайта тақишимиз, касаллик эҳтимоли бўлган одамдан узоқроқ юришимиз, қўлларимизни мунтазам ювиб туришимиз зарур.

Грипп ва коронавирусни қандай фарқлаймиз? Қайси бири хавфлироқ?

Бу ҳатто шифокорларни ҳам жиддий ўйлантиради. Шу боис ҳар қандай шубҳа пайтида энг самарали ва аниқ усул тест топширишдир. Ҳозир тест топшириш имконияти жуда кенг, шу боис таваккал қилмаган, вақтни йўқотмаган маъқул.

Бевосита аломатларига келсак, гриппнинг белгиларини ҳамма билади. Аммо коронавирус ҳам кечиши бўйича гриппга ўхшаб кетади. Лекин айрим белгилар борки, гриппдан фарқлашда қўл келади:

Коронавируснинг ўзига хос белгиларидан энг машҳурлари – ҳид ва таъм билиш хусусиятларининг йўқолиши. Баъзан касаллик кечганда бу белгиларнинг ўзигина кузатилиб, фақат шу симптомлар COVID-19'дан далолат беради.

Шунингдек, COVID-19'нинг асоратлари гриппга нисбатан анча жиддий кечади, яъни айнан асоратлар жиҳатдан коронавирус хавфлироқ. Агар организмда сурункали касалликлар бўлса, COVID-19 уларнинг янада оғирлашишига олиб келади.

Эмланиш ёрдам берадими?

Тиббиётнинг гриппга қарши курашидаги энг салмоқли ютуғи бу эмланиш бўлмоқда. Албатта, гриппга қарши вакцина ҳам салкам 100 йиллик тарихга эга бўлса-да, ҳимоянинг бу услуби сўнгги йиллардагина оммалашди.

Бугунги кунда кексалар, болалар, тиббиёт вакиллари ва умуман хавф гуруҳида бўлганларга гриппга қарши вакцина қатъий тавсия қилинади. Кўп давлатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам эмланиш вазиятга кўра бепул амалга оширилади. Айни шу кунларда кўп мактабларда бу жараён кетмоқда, болалар табиийки эмланишдан қочишади. Лекин ота-оналар эмланишга жиддий қарашлари ва назорат қилишлари лозим.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид