Ўзбекистон | 16:31 / 17.11.2021
39476
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ифлосланган қор ёғишининг сабаби маълум қилинди

Тошкентда ифлосланган қор ёғишига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлди, дея маълум қилди “Ўзгидромет”. Kun.uz мухбири ғуборли қорга бурканган шаҳар манзарасида кун мавзуси ҳақида сўз юритди.

17 ноябр куни Тошкент шаҳрида таркибида чанг зарралари бўлган ифлос қор ёғди. Гидрометеорология хизмати маркази мазкур қор таркиби ўрганиб чиқилгани ва нега бундай чангли ёғин кузатилгани борасида ахборот берди.

“Ифлосланган қор ёғишига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлди. Агар Тошкентда 14 ноябрда ёғинлар ёғиб ҳаво тозаланган бўлса, Бухоро вилоятида эса ёғинлар бўлмади.

17 ноябрда республиканинг бутун ҳудудига шамолнинг тезлашиши ва баъзи жойларда қумли бўрон билан совуқ нам ҳаво массаси кириб келди. Шамол тезлигидан кўтарилган чанг масофага кўчди ва тупроқ ва қум рангини бўяб Тошкент шаҳрига чўкди”, дейилади хабарда.

Фото: Ўзгидромет

Билдирилишича, мазкур қорнинг ёғиши инсон саломатлигига зиён етказмайди ва ҳавони тозалайди.

“Атмосфера ҳавоси таҳлил натижалари кўрсаткичлари: қорнинг pH (кислоталилик) - 9,6 ни ташкил этди. Ишқорли муҳит одатда pH - 7 бўлади. Электр ўтказувчанлик 73,2 ни ташкил этди, бу анионлар ва катионларнинг унча катта бўлмаган концентрациясидан далолат бўлади ва инсон саломатлигига зиён етказмайди.

5:10 да Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосида муаллақ зарраларнинг кескин ошиши қайд этилди, улар 2.3 РEМ’ни ташкил этди. Ёғинлар ёғиши натижасида ҳавонинг тозаланиши содир бўлади”, дея ёзади “Ўзгидромет”.

Фото: Kun.uz / Муҳиддин Нидо

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Тошкентда ғайриоддий чанг-қумли туман тушиши ҳодисаси кузатилди. Шаҳар ҳавосида чанг миқдори меъёрдагидан 30 баробаргача ортиб кетди.

Мавзуга оид