13:38 / 18.11.2021
1196

Самарқандда қарздор ота фарзандларига қарз ўрнига Nexia машинасини берди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида қарздор ота фарзандларига қарз ўрнига Nexia машинасини берган. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2019 йил 2 февралдаги қарорига асосан қарздор Б.Т.дан ундирувчи Н.Ю.га икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромаддан учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Суд қарорига асосан МИБ Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Қарздор ота ўз мажбуриятини етарли даражада бажармаган ва алиментларни ўз вақтида тўламаган. МИБ ходимлари бир неча бор унга қарздорлик бартараф этилмаса, аввал маъмурий, кейин жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушунтирган.

Бундан хулоса чиқарган Б.Т. фарзандлари вояга етгунига қадар бўлган қарздорликни бирданига тўлаб бериш учун алимент тўлови ўрнига Н.Ю.га ўз номидаги Nexia машинасини таклиф қилган.

Ундирувчи Н.Ю. таклифни қабул қилгач, автомашина унинг номига ўтказиб берилган. Ижро ҳужжати эса тамомланган.

Top