Жамият | 16:40 / 20.11.2021
26003
3 дақиқада ўқилади

“Параллел олам” — Kun.uz'да қисқа метражли филм

Биз амалларимизни фақат бошқа одамлардан яшира оламиз холос.

Kun.uz ўзининг қисқа бадиий филмлар лойиҳаси – Kunuzcinema'нинг илк филмини тақдим этади. Филм Kun.uz ижодкори Шокир Шариповнинг дебют иши.

Инсонга ато қилинган кўзлар барча нарсаларни кўра олмайди. Масалан, биз ўз танамизнинг таркибий қисмлари – “ғиштчалари” бўлмиш ҳужайраларни-да махсус ускуналарсиз кўра олмаймиз. Аммо ўша ҳужайраларнинг ўзи ҳам ҳар бири бутун бошли бир олам бўлиб, турли-туман қисмчалардан ташкил топган, улар эса, ўз навбатида, атомлардан, атомлар эса...

Ҳозирда замонавий физика дунёнинг тузилишига доир ақл бовар қилмас назарияларни олдинга суряпти. Ва мазкур назарияларнинг барчаси математик ҳисоблашларга асосланган – хаёл маҳсули эмас. Бу назарияларга мувофиқ, оламлар кўп бўлиши мумкин ва улар биз – инсонлар кўзига кўриниб турадиган олам билан параллель “яшайди”.

Ўта кичик заррачалар дунёсида эса ажабланарли ҳодисалар юз бериб, заррачалар ўзларини гўё онгли мавжудотлар сингари тутишар, ўтказилган кўплаб тажрибаларда улар кузатувчи бўлса ўзларини бир хил, кузатувчи бўлмаса бошқа хил тутишар экан...

Замонавий физика математик ҳисоблашлар воситасида келтираётган мазкур назариялар билан танишар эканмиз, ногаҳон “ғойиб олам” деб аталмиш, эътиқодимизнинг энг муҳим унсурларидан бири ёдимизга келади. Бироқ, фарқ шуки, физика бизга чизиб бераётган олам манзараси – кўп ўлчамли дунё ҳақидаги назарияларда параллел оламларнинг маънавий оламга алоқаси борлиги ҳақида гапирилмайди. Зеро “маънавий олам” деган тушунчанинг ўзи йўқ фанда.

Ажабмаски, келажакда инсоният ўзга ўлчамларни ўрганиш даражасигача етиб боради, ва нафақат математик ишланмалар, балки амалий тадқиқотлар бу ҳақда “гапиради”. Ва бир кун келиб маънавий олам мавжудлиги белгилари ҳақида физиклар сўзлай бошлашади. Ўшанда “жиноят” тушунчасига бошқача кўз билан қарай бошланади...

Шокир Шарипов

Мавзуга оид