Жаҳон | 14:10 / 18.03.2026
1866
2 дақиқада ўқилади

Россияда давлат кўмагида олинган филмларнинг 88 фоизи прокатда ўзини оқламади

“Газета.ру” нашри КГ PROGRESS Тадқиқот маркази таҳлилига таяниб ёзишича, ўтган йили давлат кўмаги билан ишланган 40 дан ортиқ филмдан атиги 5 таси прокатда ўзини оқлаган. Ундан бир йил аввал эса 23 филмдан 5 таси харажатини қоплаган.

Фото: Alexander Shcherbak/TASS/picture alliance/dpa

Россияда 2025 йилда давлат кўмаги билан суратга олинган филмларнинг 88 фоизи прокатда ўзини оқламаган. Бу ҳақда 17 март, сешанба куни “Газета.ру” нашри КГ PROGRESS Тадқиқот маркази таҳлили натижаларига таяниб хабар қилди. Таҳлил Кино фонди, Россия Федерацияси Маданият вазирлиги, кинотеатр залларида фильмлар намойиши ҳақидаги маълумотларнинг Ягона федерал автоматлаштирилган ахборот тизими ва “Кинопоиск” сервиси маълумотлари асосида ўтказилган.

Ушбу маълумотларга кўра, 2025 йилда давлат кўмагида суратга олинган Россия филмларидан атиги 5 таси прокатда ўзини оқлаган. Бундай филмлар жами 41 та бўлган. Бир йил аввал эса давлат маблағлари ажратилган 23 та филмдан 18 таси ўзини оқламаган, бу 78 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, давлат кўмаги билан ишланган филмлар орасида энг сердаромад лойиҳа Александр Волковнинг эртаклар туркумининг биринчи қисми асосида суратга олинган “Зумрад шаҳар сеҳргари. Сариқ ғиштли йўл” филми бўлган. 2025 йилда экранга чиққан ушбу картина 1,39 миллиард рубл миқдорида фойда келтирган.

“Александр Пушкин тарихи” филми эса харажатлардан ташқари тахминан 37 миллион рубл даромад олган.

Энг катта муваффақиятсизлик эса “Ёвуз шаҳар” филмида кузатилиб, у 1,86 миллиард рублдан ортиқ зарар келтирган. Давлат кўмаги билан ишланган яна олтита филм ҳам 1 миллиард рублдан зиёд йўқотиш билан энг зарарли картиналар қаторига кирган. Улар орасида “Аёз бобога мактуб”, “Рўйхатларда турмаган”, “Роднина”, “Шимолий қутб”, “Олимпдаги биринчи” ва “Кракен” бор.

Айни пайтда, “Кракен” филмини яратиш учун давлат бюджетидан жуда катта миқдорда — 760 миллион рубл ажратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид