Спорт | 15:37 / 21.11.2021
11880
8 дақиқада ўқилади

«Арсенал» 4 гол ўтказди ва тўртликка киролмади, Клопп ва Артета жанжаллашди (видео)

«Энфилд» мезбонлари ўйинда тўлиқ устунлик қилишди, меҳмонлар дарвозабонининг қаҳрамонликлари фойда бермади — 4:0.

Англия чемпионати, 12-тур
Ливерпуль – Арсенал 4:0
Голлар: 1:0 – 39 Мане, 2:0 – 52 Диогу Жота, Салоҳ 73, Минамино 77.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Цимикас, Тиаго Алькантара (Мортон, 84), Окслейд-Чемберлен (Ҳендерсон, 76), Фабиньо, Салоҳ, Мане, Диогу Жота (Минамино, 76).
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу, Габриэл, Уайт, Нуну Тавареш, Сака, Смит-Роу, Парти (Эл-Ненни, 84), Локонга (Мэйтленд-Найлз, 53), Ляказетт (Эдегор, 67), Обамеянг.
Огоҳлантиришлар: Мане 44, Фабинью 70
Ҳакам: Майкл Оливер.

Тақвим танаффусдан кейин «Ливерпуль»га жиддий синов тайёрлаганди: «Энфилд»га Микел Артета бошқарувида қаторасига саккиз ўйинда мағлуб бўлмаган «Арсенал» ташриф буюрди. Мавсум стартидаги уч мағлубият (тўплар нисбати 0:9) ортидан АПЛда олти ғалаба ва икки дуранг қайд этилди, аммо мавсумнинг бу қисмидаги рақиблар орасидаги энг жиддийлари «Лестер» (2:0) ва «Тоттенҳэм» (3:0) бўлди. Шанба куни Артета шогирдлари чемпионликка асосий даъвогарлардан бирига қарши туриши лозим эди.

Ўйин арафасида кучли тўртликни якунлаб турган мерсисайдликларда 22, меҳмонларда эса 20 очко бор эди. 12-тур доирасидаги учрашув тўртинчи ўрин учун ўзаро баҳсга айланди.

Икки мураббий ўйин олдидан бир-бирининг жамоаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Испаниялик мутахассис Юрген Клопп жамоани юқори даражага олиб чиққани ва бу даражани сақлаб қолаётганини эътироф этди, германиялик эса Лондон жамоаси Артета бошқарувида янги давр бошлагани, таркибда Эмил Смит-Роу, Бакайо Сако каби ёшлар кучли ўйин кўрсатаётганини айтиб ўтди.

«Арсенал» мураббийи Ливерпуль тепалигини забт этиш иштиёқида ёнаётганди. «Мен мағлубият ва ғалаба фарқини тушунаман, мен бизни «Энфилд»да нима кутаётганини биламан. Биз у ерга энг юқори чўққиларни ҳам забт этишга қодирлигимизни намойиш этиш учун боришимиз керак. Биз қилишимиз керак бўлган биринчи иш — ўз кучимизга ишониш, ғалабага қодирлигимизга ўзимизни ишонтириш», — деди ўйиндан олдин Артета Liverpool Echo нашрига.

Юрген Клопп эса халқаро ўйинлар учун қилинган танаффусдан норози эканини яна бир бор айтиб ўтди.

«Мен терма жамоалар ўйинлари учун ажратиладиган танаффусни ёмон кўраман. Гарчи бу танаффус бизга жароҳат туфайли сафдан чиққан футболчилар тикланиб олиши учун қўшимча вақт тақдим этса-да. Терма жамолар бош мураббийларида ўз режалари бўлади ва улар доим футболчидан максимал фойдаланиш мумкин деб ўйлашади. Бу сафарги танаффус бизнинг фойдамизга хизмат қилмади. Ҳендерсон ва Робертсон ҳозирча жамоа билан бирга шуғуллана олмайди. Улар ҳали терма жамоада олинган жароҳатларидан тикланишда давом этишмоқда», — деди Клопп Daily Mail мухбири билан суҳбатда.

Ҳендерсон захира ўриндиғидан ўрин олди, Робертсон эса қайдномага киритилмади. Шотландиялик ҳимоячидан ташқари ўйинни Роберто Фирмино, Жеймс Милнер, Наби Кейта, Кертис Жоунс, Жо Гомес ва Ҳарви Эллиотт ўтказиб юборадиган бўлишди. Натижада захира ўриндиғидан ёшлар жамоаси вакилларидан бир неча нафари ўрин олишига тўғри келди (ўйин якунида 19 ёшли яримҳимоячи Тайлер Мортон майдонга тушди ва АПЛда дебют қилди).

«Арсенал»да эса таркиб билан боғлиқ муаммолар кўп эмасди. Жиддий йўқотишлар қаторида фақат сентябрь ойидаёқ сафдан чиққан Гранит Чакани келтириш мумкин. Тўғри, «Ливерпуль»ни рақибнинг қандай формадалиги умуман қизиқтирмасди. Мезбонлар илк дақиқалардан тўпга эгалик қилиб, Аарон Рамсдейлнинг статистикаси яхшиланиши учун тинимсиз ҳужумлар уюштиришди. «Канонир»лар дарвозабони биринчи бўлимда тўртта сейв амалга оширди, аммо бўлим охирида барибир гол ўтказди. Биринчи бўлим қаҳрамони Садио Мане 40-дақиқада жарима зарбаси ижро этилган маҳалда рақибнинг икки ҳимоячиси орасидан ёриб кирди ва Трент Александр-Арнольднинг идеал узатмасини дарвозага йўллади (англиялик ҳимоячи мавсум бошидан буён АПЛ ўйинларида бешинчи ассистни амалга оширди).

Бундан етти дақиқа аввалроқ Мане дарвозага эмас, Такехиро Томиясунинг юзига тирсаги билан зарба берганди. Бу вазият икки жамоа мураббийларини ғазабга солди Клопп рақиб ҳимоячисини симульяцияда айблади, Артета унга муносиб жавоб қайтаришга уринди, агар тўртинчи ҳакам уларнинг орасига тушмаганида томонлар муштларини ишга солишга ҳам тайёр эди, якунда бош ҳакам Майкл Оливер икки мураббийга ҳам сариқ карточка кўрсатди.

Япониялик футболчи билан тўқнашувдан кейин огоҳлантирилмаган «Ливерпуль» вингери бошқа бир вазиятда меҳмонларнинг бошқа бир ҳимоячиси Бен Уайтга нисбатан янада қўпол ўйнаб, оёғига тепди ва бу сафар унга «сариқ» берилди.

Танаффус «Арсенал» фойдасига бўлмади. «Ливерпуль» «канонирлар» ҳимоясидаги хатолардан фойдаланишда давом этди. Лондон клуби ҳимоячилари воқеаларнинг бундай ривожига қарши эмасдек эди. 52-дақиқада Нуну Тавареш чап қанотда тўпни эгаллаб, марказ томон ҳаракатланди. У қарамасдан ён томонга узатган пасни Диогу Жота ўзлаштирди ва аввал Уайтни, кейин Рамсдейлни алдаб ўтиб, бўш қолган дарвозани ишғол этди.

Фақат бир вазият «Энфилд»даги мухлисларни хавотирга сола олди. «Арсенал»нинг Алиссон дарвозаси томон зарбалари эмас, 58-дақиқада Жотанинг Рамсдейл билан тўқнашиб кетиши. Барчанинг бахтига уларнинг иккиси ҳам учрашувни давом эттирди. Жота 75-дақиқада боши билан тўпни Манега ташлаб бериб, ўйин ҳисоби йириклашишига ҳисса қўшди. Қанотда очилган Мане тўпни олдинга ташлаб ҳаракатланди ва рақиб жарима майдонига ён томондан келиб, бўш дарвоза қаршисида турган Салоҳни голли пас билан таъминлади — 3:0.

Икки дақиқа ўтиб Жотанинг ўрнига майдонга тушган япониялик Такуми Минамино тўпга биринчи тегинишидаёқ дарвозани ишғол этди. Трент ўйиндаги иккинчи, мавсумдаги олтинчи голли узатмасини амалга оширди.

Рамсдейлнинг сэйвлари Артетага йирик ҳисобдаги мағлубиятдан қутулишга ёрдам бермади, лекин у ҳар ўйинда ўзига сарфланган пулларни оқламоқда (клуб ёзда уни 25 млн фунтга «Шеффилд»дан сотиб олганди, у сўнгги 8 ўйиндан 5тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаганди) ва Бернд Ленони асосий таркибга қайтишдан умид узишга мажбур қилмоқда.

«Арсенал» фақат рақиб жамоаларнинг очко йўқотишлари туфайли бешинчи ўринни сақлаб қолди, «Ливерпуль» эса ҳозирча («Манчестер Сити» якшанба куни ўйнайди) иккинчи ўринга чиқди.

Венгер кетганидан буён «Арсенал» «Энфилд»даги ўйинларда бирорта очко олмаган. Қолаверса, «Ливерпуль» 2012 йилдан бери ўз уйида «Арсенал»га ютқазмаяпти. Клопп клублар орасидаги яққол фарқни ва афсонавий клуб ўз даражасига қайтишига ҳали кўп вақт борлигини кўрсатиб берди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид