Ўзбекистон | 13:38 / 23.11.2021
2332
2 дақиқада ўқилади

Беруний ва Бўстон туманларида ер сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қорақалпоғистонда ер сотиш билан боғлиқ ҳолат фош этилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Беруний тумани бўлими ва ДХХ ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Г.С. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, 10 минг АҚШ доллари эвазига “М.” фермер хўжалигига қарашли 5 гектар ҳамда “Ж.” фермер хўжалигига қарашли 1 гектар ер майдонини олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. Г.С. олдиндан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби яна бир тезкор тадбирда Бўстон ўрмон участкаси ўрмончиси Р.Ў. фуқаро Д.га танишлари ёрдамида 4 минг АҚШ доллари эвазига ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1 гектар ер майдонини ер ажратиб беришга келишиб, 3 500 АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Олдинроқ Шуманайда қалбаки алкоголь маҳсулотларини сотаётганлар ушланганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид