Ўзбекистон | 09:00 / 29.11.2021
2763
2 дақиқада ўқилади

Чимбойдаги «Мурувват уйи»да қатор камчиликлар аниқланди

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Чимбой туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида васийликка олинганларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилган. Мониторинг ишлари Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги вакили ва Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги билан биргаликда амалга оширилган.

 Tегишли тартибда тасдиқланган кундалик таомнома асосида озиқ-овқат маҳсулотларининг берилаётганлиги ҳолати ўрганилганида қатор камчиликлар аниқланган. Жумладан, жорий йилнинг 10 ноябрь куни иккинчи нонуштага нон, творог, сметана ва қандли чой берилиши назарда тутилган бўлса-да, васийликка олинганларга фақатгина печенье ва чой берилган.

Бундан ташқари, интернатда сақланаётганларга ўз вақтида тиббий муолажалар кўрсатилмаётгани ҳам аниқланган. Жумладан, жорий йилнинг 5-15 ноябрь кунлари оралиғида массаж қилиш учун бириктирилган интернат ходими Ж.А. томонидан васийликка олинганларга умуман массаж муолажалари олиб борилмаган бўлса-да, уларга массаж қилганлиги тўғрисида тегишли журналлар тўлдирган.

Шунингдек, аниқ вақт оралиғида қилиниши керак бўлган муолажаларни ўтказиши керак бўлган ходим ҳам ишга келмаганлиги ва хизмат кўрсатилмаганлиги маълум бўлган. Шунга қарамай, тегишли журналларда васийликка олинган шахс учун дори воситаси сарфланганлиги қайд қилинган.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Интернат ходимлари томонидан васийликка олинганларга кийим-кечак, пойабзал, бошқа буюмлар ва тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомларнинг тарқатилиши ҳолати ўрганилганида ҳам уларни расмийлаштиришда омборхона мудири томонидан хатоликларга йўл қўйилгани, баъзи ҳолларда олинган анжомлар тегишли тартибда васийликка олинганларга тарқатилмагани аниқланган.

Бундан олдин Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги вакили 36 нафар ходимнинг 70 млн 763 минг 764 сўм устама пуллари тўланмаётганини аниқлаганди.

Мавзуга оид