Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрел куни Тошкентнинг Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбир чоғида сўзга чиққан Тошкент вилоят ҳокими Зоир Мирзаев давлат раҳбарига айнан мана шу контингент вакиллари мурожаатини етказди.

“Агар ногиронлар “Мурувват уйи”га келадиган бўлса, шу кундан бошлаб уларнинг махсус нафақалари тўхтар экан. Улар ҳеч бўлмаса 10 фоизини берса эди, дейишяпти”, – деди ҳоким.

Давлат раҳбари бундай тартиб унга ёқмаганини яшириб ўтирмади.

“Бундан эски давр ҳиди келяпти. Молия тизимининг эски ғоялари билан қолиб кетган қоидага ўхшайди. Албатта, кўриб чиқиб, адолатли қарор қилинади. Ахир улар ногирон бўлса-ю, яна уларнинг қадрини жойига қўймасак, тўғри бўлмайди”, – таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев молия вазири ва бошқа мутасаддиларга масаланинг ечимини топиш бўйича топшириқ берди.

Маълумот учун, қонунчиликда шахснинг “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларига қабул қилингани унга нафақа тўлашнинг тўхтатилишига олиб келиши белгиланган.