20:19 / 29.11.2021
6823

Медведев мигрантлар орасида жиноятчилик ўсиб бораётганидан хавотир билдирди

Дмитрий Медведевнинг сўзларига кўра, “бу кўпинча ноқонуний миграция муаммоси билан боғлиқ”.

Фото: ТАСС

Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев мигрантлар орасида жиноятчилик ўсиб бораётганидан хавотирланаётганини айтди.

“Мигрантлар орасида жиноятчиликнинг кучайиши жиддий хавотир уйғотади: жорий йилнинг 9 ойи давомида хорижлик фуқаролар томонидан содир этилган жиноятлар сони 4 фоизга ошган”, — деди у.

Медведевнинг сўзларига кўра, “бу кўпинча ноқонуний миграция муаммоси билан боғлиқ”.

“Мамлакатимизда бўлиш муддатини бузган ҳолда юрган хорижлик фуқаролар кам эмас, улар давлат тузилмалари эътиборидан четда қолмоқда, уларни ўз ватандошлари жиноятларга бошламоқда”, — деди у.

Шунингдек, Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ташкилий шаклдаги меҳнат миграциясини ривожлантиришга чақирди. У бу борада фуқароларни ташкилий тарзда ишга жўнатиш бўйича Ўзбекистон билан амалга оширилаётган лойиҳани айтиб ўтди.

Аввалроқ Россия қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин Ўзбекистондан Россияга соддалаштирилган тартиб бўйича ишга бориш учун 5 минг нафар қурувчи танлаб олинганини маълум қилганди.

Top