Жамият | 15:24 / 30.11.2021
1489
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда жойлашган корхонада ёнғин содир бўлди

Фото: Getty Images

Қашқадарё вилояти Косон туманида жойлашган корхонада ёнғин содир бўлган. Оқибатда унинг омборхонасининг 200 метр квадрат майдони ёниб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2021 йил 30 ноябрь куни соат 11:41 ларда Косон тумани ФВБга туманнинг Дўстлик маҳалласида жойлашган “Бунёдкор текстил” МЧЖ ҳудудидаги омборхонада ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг ёнғин юз бераётган жойга соат 11:50 да 8 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 1 та қутқарув машинаси етиб борган, соат 11:53 да ёнғин қуршаб олиниб соат 12:40 да ўчирилган.

Ёнғин оқибатида омборхонанинг тахминан 200 метр квадрат майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган.

Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид