08:17 / 01.12.2021
4938

ЖССТ раҳбари янги штамм аниқланаётган давлатларни жазоламасликка чақирди

Коронавируснинг янги омикрон-штамми аниқланган давлатларни жазоламаслик керак. Бунинг ўрнига янги штаммларга қарши оқилона чоралар киритиш лозим. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус янги штамм атрофидаги вазиятга бағишланган ёпиқ брифингда айтиб ўтди.

Фото: AA

“Мен давлатларнинг ўз фуқароларини янги штаммдан ҳимоялашга интилишларини яхши тушунаман. Бироқ шу билан бирга, баъзи давлатлар ҳеч қандай далилларга асосланмаган ва самарасиз кескин, умумий чораларни киритаётганидан хавотирдаман. Ушбу чоралар тенгсизликни янада чигаллаштиради. Биз ЖССТга аъзо барча давлатларни халқаро тиббий-санитар қоидаларга мувофиқ хавфни камайтиришга қаратилган оқилона, мутаносиб чоралар киритишга чақирамиз”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ўз ҳудудида янги штамм пайдо бўлгани ҳақида маълум қилган Ботсвана ва ЖАР “тўғри йўл тутганлари” учун бошқа давлатлар томонидан чекловлар киритилиши билан “жазоланди”. Жумладан, айни вақтда ушбу давлатлардан авиарейсларни қабул қилиш тўхтатилмоқда.

Аввалроқ ЖССТда коронавирусни бошдан ўтказган одамлар омикрон-штамм билан касалланиши хавфи юқорилиги таъкидлаб ўтилган. Шу билан бирга, янги штамм дельта-штаммдан хавфлироқ эканини таъкидлаш учун ҳали маълумотлар етарли эмас.

Коронавируснинг янги штамми пайдо бўлгани ҳақида 24 ноябрда британиялик олимлар маълум қилганди. Уларнинг тахмин қилишича, янги штамм Ботсванада пайдо бўлган.

Top