Жаҳон | 11:39 / 02.12.2021
21927
7 дақиқада ўқилади

«Омикрон» ноаниқлик билан қўрқитмоқда, бизнес зарар кўришни бошлади

Дунё коронавируснинг янги варианти тўғрисида деярли ҳеч нима билмайди. «Омикрон» эса бутун дунё аҳолиси фаровонлигига тузатиб бўлмас зарар етказишга улгурди. У одамларни энг даҳшатлиси ортда қолгани борасидаги ишончдан маҳрум қилди. Шу тариқа, икки йиллик коронавирус пандемиясидан кейинги кенг миқёсли иқтисодий инқироздан чиқишни секинлаштирди.

Фото: Getty Images

Коронаинқироздан кейинги тикланиш ўз йўлида тўсиққа дуч келди. «Омикрон» варианти тўғрисидаги кейинги янгиликлар бу зарарни бекор қилмайди, фақатгина унинг миқёсини аниқлайди. Ҳатто эртага расмийлар ва олимлар хавотир сигналини чалишгани, у ўқув машғулоти бўлганини айтишса ҳам қўрққан ва эҳтиёткор кишилар бунга ишонмайди. Ҳозирча туризм ва йўловчи авиаташувлари бевосита зарар кўрди, бироқ билвосита зарарни пайқаб олиш мушкул эмас.

«Омикрон» Лондонга ўхшаш йирик молия марказларида ходимларнинг офисларга қайтиш борасидаги режаларига путур етказди. Бу эса уларнинг иқтисодиётида акс этмай қолмайди. Транспорт, марказдаги дўкон ва қаҳвахоналарга сарфланадиган харажатлар яна «қулайди». Бу эса Рождестводан олдинги қайноқ мавсумда бемаврид бўлди. Чунки ривожланган мамлакатларда истеъмолнинг катта қисми айнан шу мавсумга тўғри келади.

Халқаро конференциялар ва ҳатто февраль ойида бўлиб ўтадиган Пекиндаги Олимпиада ҳам хавф остида қолди.

Истеъмол нафақат давлат чекловлари, балки шахсий ташаббус билан ҳам амалга оширилмоқда. Вируснинг янги вариантидан қўрққан кишилар байрам ва таътилларни бекор қилишяпти, ресторан, театр ва киноларга боришмаяпти.

«Омикрон» ғарб иқтисодиётининг асоси – чексиз истеъмолнинг Рождество мавсумига таҳдид қилмоқда

«Омикрон»: асоссиз ваҳима ёки ҳақиқий таҳдид?

«Омикрон» асосий зарбани жаҳон иқтисодиётининг тикланиш пойдеворига берди – у дунёни аниқликдан маҳрум этди. Вируснинг янги варианти олдида пайдо бўлган қўрқув бўрттирилган бўлса ҳам, иш бажариб бўлинди: пандемия ортда қолгани тўғрисидаги ишончга дарз кетди.

Иқтисодий ўсишнинг асосий душмани – ноаниқлик бир кечада қайтиб келди ва жаҳон молия инструментлари ҳамда хомашё бозорларини «қулатди». Улар дастлабки ортиқча ҳиссий реакцияни тезда тўғрилаб олишган бўлса-да, якуний зарар ҳали ҳисоблаб чиқилмаган. Ноаниқлик нафақат истеъмолга, балки иқтисодий ўсишнинг бошқа муҳим таркибий қисмлари – инвестиция, савдо ва бандликка ҳам путур етказди.

АҚШ Сенатида тезкор баёнотлар бермайдиган Федерал захира тизими – АҚШ Марказий банки раҳбари Жером Пауэлл ана шу масалани ёдга солишга шошилди.

«Covid-19 билан касалланиш сонининг ўсиши ва янги вариантнинг пайдо бўлиши бандлик ва иқтисодий фаоллик учун хавф туғдиради ҳамда инфляцияни прогноз қилишда ноаниқликни келтириб чиқаради. Аҳолининг вирусга нисбатан ортиб бораётган ташвиши аввалги иш жойларига қайтишни истамасликка олиб келиши мумкин. Бу эса меҳнат бозори тикланишини секинлаштиради ва хомашё ҳамда бутловчи қисмлар етказиб беришдаги узилишларни кучайтириши мумкин», деди у.

Вирус Европадаги тоғ чанғиси мавсуми ва Пекиндаги Қишки ўйинларни савол остида қолдирди

Иқтисодчилар йирик иқтисодиётлардаги фуқаролар вирус билан яшаш тарзига мослашган дея умид қилишмоқда. Янги вариантнинг пайдо бўлиши эса эмланишни тезлаштиради ва пандемия якунланиши жараёнини яқинлаштиради. Европанинг кўплаб мамлакатлари аввалги ҳаёт тарзига деярли қайтишга улгуришди. Уларнинг захирасида санитариянинг юмшоқ қоидалари арсенали мавжуд. Бу эса етарли тўсиқ вазифасини бажариши ва қатъий чекловларга ўтишнинг олдини олиши мумкин.

«Омикрон»га жавоб тариқасида Англия вакцинанинг учинчи дозаси тарқатилишини тезлаштирди ва дўкон ҳамда жамоат транспортида ниқоб тақишни яна мажбурий қилиб қўйди. Бироқ «Б» режа – уйдан ишлаш ва ресторан ҳамда қаҳвахоналарда ниқоб тақишни жорий этмади. Тўлиқ локдаун ҳақида эса умуман оғиз очилмаяпти.

Йирик жаҳон иқтисодиёти бўлган АҚШда президент Жо Байден ўтган қиш фаслида кузатилган фалажни четлаб ўтишга ваъда бермоқда.

«Вируснинг янги варианти – хавотир учун сабаб, бироқ ваҳима учун сабаб бўлолмайди. Бугун у билан курашиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ инструментга эгамиз. Жорий қиш фаслида коронавирусга қарши локдаунлар ва тақиқлар билан эмас, эмлаш, қайта эмлаш, тест қилиш ва бошқа чоралар ёрдамида курашамиз», деди у.

Сиёсатчилар томонидан берилган ваъдалар ва мақсадлар вирусга дош бериши аниқ бўлмагунича «омикрон» етказган иқтисодий зарарни олдиндан айтиб бўлмайди. Дастлаб эпидемиологик зарар ва расмийлар томонидан унга жавоб аниқ бўлиши керак. Бу бир неча ҳафта давом этади ва ноаниқлик ишбилармонлик фаоллиги ва камида истеъмолни келаси йил бошига қадар тўхтатиб туради.

Иқтисодчилар вируснинг янги варианти тарқалишининг ҳозирги энг бошланғич даврида ҳисоб-китоб қилишга шошилмаяпти. Moody's халқаро рейтинг агентлиги «Омикрон»ни жаҳон иқтисодиёти тикланиши йўлидаги тўсиқ деб атади, бироқ унинг келаси йил учун ўсиш прогнозини ўзгаришсиз қолдирди.

«Фақат айримларгина ҳозирда пул тикишга тайёр. Goldman Sachs вазият ривожланишининг тўрт вариантини кўриб чиқди. Энг ёмон вариантда пандемиянинг кенг миқёсли янги тўлқини 2022 йилнинг дастлабки уч ойида жаҳон иқтисодиёти ўсишини аввалги ҳисоб-китобларга қараганда икки марта қисқартиради. Бироқ ҳатто бу ҳолатда ҳам бир йил ичида иқтисодиёт 4,2 фоизга ўсади. Мазкур кўрсаткич аввалги прогноздан бор-йўғи 0,4 фоиз бандга камроқ», дея АҚШ банки таҳлилидан иқтибос келтирмоқда Bloomberg агентлиги.

Аммо яхши янгиликлар ҳам бор. Инқироздан кескин чиқиш ва бутун дунёда хом ашё ва бутловчи қисмлар ялпи етишмаслиги фонида барча нарсани етказиб беришдаги узилишлар туфайли «қизиган» инфляцияни янги локдаун ва ҳатто унинг шарпаси ҳам «совитади».

Талаб ва маошлар ўсиши ортидан нархлар ҳам кўтарилади. Истеъмол ва ишга олишнинг секинлашиши ана шу босимни пасайтиради.

Демак, марказий банклар бироз муддат давомида ультра юмшоқ кредит сиёсатини, расмийлар эса инқирозда иқтисодиёт давлат томонидан қўллаб-қувватланиши сиёсатини олиб бориши мумкин. Бу эса инқироздан чиқишни юмшоқроқ ва кам оғриқли қилади. Бироқ иқтисодиётни сунъий комадан олиб чиқиш муддатининг чўзилиб кетиши узоқ давом этувчи тикланиш ва жиддий чандиқларга олиб келади.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид