Ўзбекистон | 16:14 / 03.12.2021
27936
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореяда COVID-19 «омикрон» штаммини юқтириб олди

Корея Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш агентлиги (KDCA) мамлакатда коронавирус «омикрон» штамми билан касалланишнинг илк ҳолатлари ҳақида хабар берди. Касалликка чалинганлардан бири ўзбекистонлик бўлиб чиқди. У Нигериядан қайтган Корея фуқаролари билан алоқада бўлган.

Фото: Yonhap

The Korea Times хабарига кўра, 1 декабрь, чоршанба куни эр-хотин Нигериядан Жанубий Кореяга қайтган. Эр-хотинни аэропортда ўзбекистонлик таниши кутиб олган ва ўз машинасида уйига олиб бориб қўйган. Ушбу шахсларнинг ҳаммасида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланди. Хусусан, 29 ноябрь куни Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 инфекцияси аниқланган.

Кейинчалик маълум бўлишича, эр-хотин соғлиқни сақлаш идораларига аэропортдан уйга қандай етиб келгани ҳақида ёлғон маълумот берган. Улар махсус такси хизматидан фойдаланиши керак бўлган.

Қайд этилишича, эр-хотин, ўзбекистонлик эркак ва унинг оила аъзолари 270 киши билан алоқада бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароси тест топшириши ва янги штамм аниқланишидан аввал 400 дан ортиқ хорижлик фуқаро йиғилган диний муассасага ташриф буюрган.

Айни пайтда тегишли идоралар ходимлари томонидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ноябрь ойи охиридан бошлаб Корея Республикаси ЖАР ва коронавируснинг янги штамми тарқалаётган Жанубий Африканинг бошқа етти давлатига ташриф буюрган хорижликларнинг киришини тақиқлади, визалар берилишини эса чеклади.

Ҳукумат шунингдек, янги штаммнинг тарқалишига қарши курашиш йўлларини муҳокама қилиш учун махсус гуруҳ тузди. Мамлакат президенти Мун Чжэ Ин ўз қўл остидагиларга «омикрон» штамми кириб келишининг олдини олиш учун чегарада вирусга қарши кучайтирилган чора-тадбирлар кўришни буюрди.

Шундан сўнг, Жанубий Корея эмланганлик ҳолатидан қатъи назар, барча ташриф буюрувчилар учун мажбурий 10 кунлик карантинни қайта жорий қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид