17:17 / 04.12.2021
3796

ЖССТ чегараларни ёпиш ўрнига эмлаш суръатларини тезлаштиришга чақирди

ЖССТ вакили мамлакатлар аҳолининг заиф гуруҳларини тўлиқ эмлаши ва ниқоб тақиш ҳамда ижтимоий масофа сақлаш чораларига риоя қилиши кераклигини айтди.

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг «омикрон» штаммига қарши курашиш учун мамлакатларни вакцинация ўтказиш ва соғлиқни сақлаш даражасини яхшилашга чақирди, деб хабар берди Reuters.

Сафарларни чеклаш вақтдан ютишга ёрдам беради холос, аммо муаммони ҳал қилмайди, деди ЖССТнинг Тинч океани ғарбий минтақаси директори Такэси Касаи.

«Фақат чеклов чораларига таяниб қолмаслик керак. Янада юқумли штаммларга қарши тайёргарлик кўриш муҳимроқ», — деди у.

Касаи мамлакатларни аҳолининг заиф гуруҳларини тўлиқ эмлашга ва ниқоб тақиш ҳамда ижтимоий масофа сақлаш чораларига риоя қилишга чақирди.

«Ҳозирча «омикрон» билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳақида эшитмадим» , — деди ЖССТ вакили Кристиан Линдмайер.

Аммо вакцина ишлаб чиқарувчилар ўз препаратларини янги штаммдан ҳимоялашга мослашга тайёрланишлари керак, дея қўшимча қилди у.

Ноябрь охирларида ЖССТ янги штамм аниқланган мамлакатларни чегараларни ёпиш билан «жазоламасликка» чақирганди.

«Агар шундай давом этадиган бўлса, кўплаб мамлакатлар янги штаммлар ҳақида хабар бермай қўяди ва дунё янги пандемияга дуч келади», — деганди жанубий африкалик олим Тулио де Оливейра.

Top