Ўзбекистон | 14:32 / 10.12.2021
10411
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйича нотариуслар ишламаяпти. Адлия вазирлиги муаммо Uzinfokom серверларидалигини ва бутун электрон ҳукумат фаолияти тўхтаганини айтмоқда

Бугун, 10 декабрь куни Адлия вазирлиги тизимидаги бутун нотариуслар онлайн тизими иши тўхтаб қолди. Ягона процессинг тизими сўровларга жавоб бермаяпти, хизмат учун тўловлар қабул қилинмаяпти.

Фото: notariat.ru

Сўнгги йилларда адлия тизимидаги инқилобий ўзгаришлардан бири нотариусларнинг ягона онлайн тизим орқали ишлаётгани бўлганди. Бу тизим мижозларни олдингидек маълумотномалар йиғишлардан қутқарди, барча жараён, шунингдек хизматлар учун тўловлар ҳам шаффоф амалга оширилмоқда.

Аммо бу тизимнинг нозик томони барча жараёнлар ягона марказдан туриб бошқарилиши бўлди. Яъни марказ бирор сабаб билан ишдан тўхтаса, бутун нотариат фаолияти ҳам тўхтаб қолади. Шундай ҳолат 10 декабрь куни ҳам кузатилди.

Республика бўйлаб Адлия вазирлиги тизими орқали ишловчи барча нотариуслар фаолияти тўхтаб қолди. Ягона процессинг тизими сўровларга жавоб бермаяпти, хизмат учун тўловлар қабул қилинмаяпти. Эрталабдан узилишлар билан ишлаётган тизим соат тахминан 11:00 ларда бутунлай тўхтаган ва ҳозирга қадар қайта ишга тушгани йўқ. Қачон қайта ишга тушиши бўйича ҳам номаълум

Адлия вазирлиги матбуот хизмати вакили Севара Ўринбоеванинг Kun.uz’га маълум қилишича муаммо Uzinfokom серверларида, умуман электрон ҳукумат ягона биллинги ишламаяпти. Натижада нафақат нотариуслар, балки давлат хизматлари, ФҲДЁ каби тизимларда ҳам электрон тўлов тизими тўхтаб қолган.

Шунингдек, маълум бўлишича, ЙҲХХнинг протокол, Маъмурий жарималар тизими, ЕПГУ-тўлов қисми ҳам ишламаяпти.

Мавзуга оид