17:45 / 13.12.2021
21645

ЕЧЛда қуръа можароси. Хатолик туфайли қуръа қайта ўтказилади

ЕЧЛ қуръаси натижалари ҳақиқий эмас деб топилди.

Фото: Reuters

Бугун, 13 декабрь куни УЕФАнинг Ньонда жойлашган штаб-квартирасида Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу босқичдаёқ турнирнинг икки асосий юлдузи – Месси ёки Роналдунинг янги жамоалари - «ПСЖ» ва «МЮ» ўзаро рақиб бўлди.

ЕЧЛ 1/8 финал жуфтликлари:

  • «Бенфика» (Португалия) – «Реал Мадрид» (Испания)
  • «Вильярреал» (Испания) – «Манчестер Сити» (Англия)
  • «Атлетико» (Испания) – «Бавария» (Германия)
  • «Зальцбург» (Австрия) – «Ливерпуль» (Англия)
  • «Интер» (Италия) – «Аякс» (Нидерланды)
  • «Спортинг» (Португалия) – «Ювентус» (Италия)
  • «Челси» (Англия) – «Лилль» (Франция)
  • «Пари Сен-Жермен» (Франция) – «Манчестер Юнайтед» (Англия)

Кўп ўтмай УЕФА қуръа натижасини бекор қилди. Бунга клублар («Атлетико» ва «МЮ») томонидан билдирилган эътирозлар сабаб бўлди.

Гап шундаки, УЕФА расмийлари қуръа жараёнида 4та қўпол хатога йўл қўйишди:

1. «Вильярреал»га рақиб танланаётганида испанларнинг гуруҳдаги рақиби «Манчестер Юнайтед» ҳам унинг саватчасига солинди ва Андрей Аршавин тасодифан ушбу рақибни танлади. Натижада, УЕФА расмийлари бу борада хатога йўл қўйилганини айтиб, иккинчи уринишда «Сити» чиқарилди. Аслида, «МЮ» «Вильярреал»нинг гуруҳдаги рақиби сифатида саватчадан ўрин олмаслиги керак эди.

2. Иккинчи йўл қўйилган хато - «Атлетико» учун рақиб танланаётганда «Манчестер Юнайтед» эмас, «Ливерпуль» потенциал рақиб сифатида саватчадан жой олди. «Атлетико» ва «Ливерпуль» ҳам гуруҳ босқичида ўзаро рақиб бўлганди. 

3. «Атлетико» учун эҳтимолий рақиблар қаторига «МЮ» қўшилмади. 

4. «Ливерпуль» учун эҳтимолий рақиблар орасида «Вильярреал» йўқ эди.

Энди қайтадан қуръа ташлаш маросими Тошкент вақти билан соат 19:00да бошланади.

Top