07:34 / 13.12.2021
4580

Педагогик маҳорат маркази ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат президентнинг «Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинган.

Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилди.

Марказ давлат муассасаси ҳисобланади. Марказнинг устав фонди миқдори агентлик томонидан белгиланади ҳамда Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. Марказ директори Агентлик томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • агентлик тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларни узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини ошириш курсларини халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиш;
  • халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда агентлик тизимидаги таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ва сертификатлаш;
  • агентлик тизимидаги таълим муассасалари битирувчиларини якуний давлат аттестациясидан ўтказиш ҳамда миллий сертификатлаш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларига доир инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
  • агентлик тизимидаги педагог кадрларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талабларини ишлаб чиқиш.

Қуйидагилар марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди: шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан, шу жумладан таълим хизматларидан олинадиган даромадлар; Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари; юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари; қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
Марказ тузилмаси тасдиқланди. Агентлик директорига зарур ҳолларда, марказ тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди. Марказ Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасидаги IT-парк биносида жойлаштирилади.

Top