16:25 / 14.12.2021
5010

Танқиддан сўнг: Ургутда тез ёрдам ва туғуруқ мажмуасига олиб борувчи йўл кенгайтирилмоқда

Kun.uz’да бир эмас, икки марта танқид остига олинган Ургутдаги муаммо ниҳоят бартараф этилмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ ва тез ёрдам мажмуаларига кириш йўлида пиёдалар йўлакчаси қилинмоқда.

2020 йил 11 ноябр куни Kun.uz’да «Ургутдаги «тез ёрдам»га тез бориб бўлмаяпти. Тор йўлни ким кенгайтиради?» сарлавҳали танқидий мақола берилганди. Унда Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ ва тез тиббий ёрдам мажмуаларига олиб борадиган йўлнинг торлиги, пиёдалар йўлакчаси йўқлиги танқид қилинганди.

Мақола эълон қилингач, Ургут туман ҳокимлиги муносабат билдирган ва унда ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилгани, 5 иш кунида туғуруқ ҳамда тез тиббий ёрдам мажмуаларига кирадиган йўлда пиёдалар йўлакчаси очиб қўйилиши айтилганди.

Аммо орадан қарийб бир йил ўтганда ҳам туғуруқ ва тез ёрдам мажмуаларига кирадиган йўл кенгайтирилмади, пиёдалар йўлакчаси очиб қўйилмади. Шундан сўнг жорий йил 6 октябр куни Kun.uz’да «Йўл – машинаники, йўл чети – «эгалик», пиёда қаердан юрсин?» Ўзбекистоннинг эгасиз йўллари ҳақида сарлавҳаси билан Ургутдаги муаммонинг ҳал бўлмагани ҳақида иккинчи мақола эълон қилинди.

Ургут туман ҳокимлиги мақолага муносабат билдириб йўл четини эгаллаб олган фуқаролар устидан Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилинганини маълум қилганди.

Kun.uz мухбирига кўра, туғуруқ ва тез ёрдам мажмуаларига кирадиган йўл четидаги фуқароларга тегишли ноқонуний қурилмалар буздирилган. Шунингдек, йўлнинг иккинчи тарафида туман тиббиёт бирлашмасининг темир панжаралари ичкарироққа сурилиб пиёдалар йўлакчаси қилиб қўйилган.

Очилган жойда бир тарафида пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган. Иккинчи тарафида ишлар давом эттирилмоқда.

Top