Жаҳон | 10:58 / 16.12.2021
40623
14 дақиқада ўқилади

1986 йилда Олмаотадаги халқ намойиши нега қонга ботирилган эди?

1986 йил 16 декабрда Қозоғистон раҳбари Динмуҳаммад Қўнаев ишдан олинади. Ўрнига Уляновск обкомининг биринчи котиби тайинланади. Бу ҳақда хабар топган қозоқлар Олмаотадаги марказий майдонга йиғила бошлайди. Милиция уларни тарқатишга уринганда тўқнашувлар содир бўлади. Оқибатда одамлар ҳалок бўлади, кўпчилик жароҳатланади. Машиналар ёқиб юборилади, ётоқхоналар вайрон қилинади.

Собиқ иттифоқда ҳудудларни бошқаришда ёзилмаган бир қоида амалда бўлган. Раҳбар маҳаллий халқ вакилларидан тайинланган, унинг ўринбосари эса Москвадан юборилган. Барча иттифоқдош республикаларда, вилоятларда, туманларда раҳбарлар шу тахлит тайинланган. Аммо 1986 йил 16 декабр куни ўтказилган Қозоғистон компартиясининг навбатдаги пленумида бунга амал қилинмайди.

Динмуҳаммад Қўнаев / Фото: tengrinews.kz.

Пленум давомида ишдан олинган Динмуҳаммад Қўнаев ўрнига маҳаллий миллат вакили эмас, балки Қозоғистонга мутлақо алоқаси бўлмаган, бу республикадаги шарт-шароитни билмаган шахс, Уляновск вилояти обкомининг биринчи котиби Геннадий Колбин раҳбар этиб тайинланади.

Геннадий Колбин / Фото: nur.kz

Ўшанда пленумда қатнашганларнинг аксарияти Нурсултон Назарбоев Қозоғистоннинг янги раҳбари этиб тайинланишини кутганди, аммо бу иш содир бўлмайди. Афтидан Москва турли республикаларда содир бўлаётган миллий уйғониш ҳаракатларидан қозоқларни шу йўл билан «асрашни» ўйлаганди. Кейинчалик, Олмаота намойишларини Нурсултон Назарбоев уюштирган деган гап-сўзлар чиқади.

Нурсултон Назарбоев, 1989 йил. / Фото: cabar.asia

Пленумда иштирок этаётган кўплаб депутатлар ва бошқалар Колбиннинг Қозоғистонга раҳбар бўлишига рози эмасди. Аммо ўшанда Москванинг қарорига қарши чиқишнинг иложи йўқ эди. Гарчи унинг Қозоғистон раҳбари этиб тайинланишига депутатлар мажбуран сукут сақлаган бўлса ҳам қозоқ халқи ва ёшлари ҳақида бундай деб бўлмасди. Улар оқибати ўлим ёки узоқ йиллик қамоқ жазоси билан тугашини билиб ҳам бу адолатсиз қарорга қарши чиқишади.

Қўнаевнинг ишдан олингани ва унинг ўрнига Қозоғистон компартиясига янги раҳбар тайинлангани ҳақидаги янгиликлар кечки пайт телевидение орқали эълон қилинади. Қозоғистонда яшамаган, бу ердаги вазият ва шароитни билмайдиган шахснинг республикага раҳбар этиб тайинланганини эшитган қозоғистонликлар бу ишни «ҳазм» қила олмайди.

Намойишчилар Олмаотадаги марказий майдонда / Фото: mediazona.ca

Эртаси куни, 1986 йил 17 декабрь эрталабдан Олмаотадаги Леонид Брежнев номи берилган бош майдонга одамлар йиғила бошлайди. Улар СССР раҳбарияти томонидан Колбиннинг Қозоғистонга раҳбар этиб тайинлаганига қарши эди. Шу тариқа тарихда «Желтоқсан» (маъноси декабр) ва «Декабр ҳодисалари» номи билан қолган қонли воқеалар бошланади.

Намойишчилар «Ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқи берилишини талаб қиламиз», «Ҳар бир халққа ўзидан раҳбар», «37-йиллар қайтишига йўл қўймаймиз» каби шиорлар ёзилган плакатлар кўтариб олишганди.

Қозоқ ёшлари намойишда. / Фото: 7kun.kz

17 декабр куни соат 13:00 ларда майдонга 5 минг нафардан ошиқроқ одам йиғилади. Шундан сўнг майдон атрофига милиция ходимлари келтирилади. Бироз ўтиб, намойишчилар янада кўпайиб бораётгани учун майдонга милиция мактаби ва ёнғиндан сақлаш техникуми курсантларини олиб келишади.

Мутасаддилар намойишчиларни аввалига тинч йўл билан тарқатмоқчи бўлишади. Қозоғистонда обрў-эътиборга эга шахслар, ёзувчи ва шоирлар келиб одамлар қаршисига чиқиб уларни тарқалишга чақиришади. Аммо ортга чекинишни истамаган одамлар уларнинг гапларига қулоқ солмайди ва «сотқинлар» дея бақира бошлайди.

Ўша куни кечга бориб вазият анча жиддийлашади. Ҳаво жуда совуқ бўлганига қарамасдан намойишчилар тарқалмайди. Аксинча, уларнинг ёнига бошқалар ҳам келиб қўшилади. Милиционерлар уларни куч билан тарқатмоқчи бўлади ва шу тариқа тартибсизликлар бошланади.

Ички ишлар мактаби ва ёнғинга қарши кураш техникуми курсантлари дубинкалар билан одамларни савалай бошлайди. Намойишчилар эса уларга ташланади. Ана шу жойда ҳали касбий кўникмаси бўлмаган курсантларнинг намойишчиларни тарқатишга кучи етмаслиги ойдинлашади.

Тўқнашувлар эрталабгача давом этади. Ҳар икки томондан анча одам тан жароҳатлари олиб сафдан чиқади.

Қозоқ ёшлари Олмаотадаги намойишда. / Фото: yvision.kz

18 декабр куни эрталаб милиционерлар ва курсантларга республиканинг бошқа ҳудудларидан махсус кучлар келиб қўшилади. Шундан сўнг намойишчилар ва милициянинг махсус кучлари ўртасида аёвсиз тўқнашувлар бошланади.

Одамлар милицияга тегишли транспорт воситалари билан биргаликда кўчаларда турган бошқа машиналарни ҳам ағдариб ёқиб юборишади.

Кечга бориб, милиция ходимлари одамларни майдонидан қувиб чиқаради. Намойишчилар ортиқ қаршилик кўрсата олишмайди ва тарқаб кетишади. Тўқнашувлар оқибатида асосан намойишчилар жароҳатланишади.

Расмий маълумотларда намойишлар вақтида икки киши ҳалок бўлгани айтилган. Кейинчалик ҳодиса гувоҳлари намойишларда ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлганини айтишган.

Ўзаро тўқнашувлар пайтида милициянинг 11 та турли транспорт воситаси ёқиб юборилган, 24 та транспорти яроқсиз ҳолга келтирилган.

Шунингдек, 39 та автобус, 33 та такси машинаси пачақлаб ташланган ва баъзилари ёқиб юборилган.

Бундан ташқари, турли олий таълим муассасаларига тегишли 13 та ётоқхона, 5 та ўқув биноси, 6 та савдо дўкони, 4 та маъмурий бинога зарар етказилган.

Намойиш илк бошланган кунда фақат Олмаотадаги майдонга одамлар йиғилган бўлса, 18 ноябр куни республиканинг яна бир қатор шаҳарларида ҳам намойишлар бўлиб ўтади. Жумладан, мамлакатнинг ўндан ошиқ шаҳарларида Олмаотадаги намойишларни қўллаб кўчаларга чиқади. Уларнинг барчаси куч билан бостирилади.

Намойишчиларнинг аксарияти Олмаотага бошқа вилоятлардан келиб ўқиб, ишлаб юрган ёшлар эди. Намойиш тарқатилган вақтда уларнинг айримлари милиция томонидан ушланган, бошқалари эса ўз вилоятларига қочиб кетади. Намойишчиларни тарқатиб юборишгандан сўнг Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудлари бўйлаб бу ишда қатнашган одамларни топиш ва ҳибсга олиш ишлари бошланиб кетади.

Ҳодисадан сўнг жами 8 500 киши ҳибсга олинади. Улардан 99 нафари жиноят содир этган деб топилиб, турли муддатларга қамалади. 900 дан ошиқ киши маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиб жазоланади.

Қўлга олинганлардан бири одам ўлдирганликда айбланиб ўлим жазосига ҳукм этилади. Кейинчалик ўлим жазоси 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилади.

Турли олий таълим муассасаларида таҳсил олиб келган 300 нафардан ошиқ талаба ўқишдан ҳайдалади. 319 нафар ОТМ ўқитувчилари ишдан бўшатилади. 52 киши коммунистик партия сафидан ўчирилади, 758 нафар ёшлар комсомол (Бутуниттифоқ ёшлар иттифоқи) сафидан ҳайдалади.

Кейинчалик Олмаота намойишларининг ташкилотчиларидан бири сифатида судланиб 4 йил қамоқ жазосини олган Қурманғази Айтмурзаев ҳодисаларни шундай эслаган эди:

«1986 йил 16 декабр куни кечки пайт Қўнаевнинг ўрнига Колбин тайинланганини эшитиб ҳайрон бўлдик ва Қозоғистон давлат университети ётоқхонасида муҳокама қилдик. Колбиннинг тайинланишига ҳамма талабалар қарши эди. Шундан сўнг барча талабалар эртаси куни Олмаотадаги марказий майдонга намойишга чиқишга келишиб олдик.

Кечаси билан ухламасдан намойишга тайёргарлик кўрдик. Турли шиорлар ёзилган плакатлар тайёрладик. 17 декабр куни эрталаб майдонга чиқдик. Милиция билан тўқнашув кечга яқин бошланди. Улар дубинка ва сапёрлар белкургак билан ҳеч кимни аямасдан урарди. Кўз ўнгимизда қизларни уриб йиқитишар, биз уларни майдондан олиб чиқиб яраларини боғлардик. Мен бу ишимизнинг охири нима билан тугашини тахмин қилиб турардим, аммо орқага йўл йўқ эди».

Қурманғази Айтмурадов қамоқда. / Фото: mediazona.ca

Қ.Айтмурзаевнинг айтишича 18 декабр куни майдонга қўшимча кучлар ташланган. Милициянинг махсус қисмлари одамларни аёвсиз урган ва тенг бўлмаган жангда намойишчилар енгилган. Шундан сўнг, майдондагиларнинг аксариятини ҳибсга олишган. Сўнг суд қилиб турли йилларга қамашган.

«Мени бир ой давомида прокуратура терговчилари сўроқ қилишди. Улар эрталабдан кечгача турли саволлар беришар, мени тилимдан илинтиришга ҳаракат қилишарди. Терговчининг қўлида бир даста турли одамларнинг фотосурати турар ва у биттадан кўрсатиб таниш, танимаслигимни сўрарди. Аввалига кўпчилик айбини тан олмади. Аммо кейинчалик барибир намойиш ташкилотчиларини топиб олишди», деган эди Қ.Айтмурзаев.

1986 йил 25 декабр куни ўтказилган КПСС Марказий қўмитасининг йиллик мажлисида Олмаотада ўтказилган халқ намойиши «Қозоғистонда радикал кўринишдаги миллатчиликнинг пайдо бўлиши», деб баҳоланади.

1987 йил КПСС Марказий қўмитаси «Қозоғистонда партия ташкилотларида меҳнаткашларни байналмилал ва ватанпарвар этиб тарбиялаш иши тўғрисида»ги махсус қарор қабул қилади. Қарорда Олмаотадаги норозилик намойиши «қозоқ миллатчилигининг пайдо бўлиши» деб баҳоланади ва республика мутасаддиларига уни бартараф этиш бўйича вазифалар юклатилади.

Бундан ташқари ОАВда қозоқлар радикал миллатчилик қилиб, мамлакатда халқлар дўстлигига путур етказишга урингани, бу ишга умуман йўл қўйиб бўлмаслиги, СССРда барча миллат ўзаро тенгликда, ўзаро оға-ини бўлиб яшашда давом этиши ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинади. Телевидениеда кўрсатувлар ташкил этилади.

Шу тариқа мамлакат бўйлаб Олмаота намойишининг асл сабаби «Қозоғистонда қозоқ миллатчилигининг авж олиши» сифатида талқин қилинади.

Албатта, Кремлда ўтирган раҳбарларнинг «қозоқ миллатчилиги» ҳақидаги хавотирларида ҳам жон бор эди. Олмаота намойишида қатнашганлар орасида Қозоғистонга кенгайтирилган мухторият берилишини, шунингдек, республикага мустақиллик берилишини талаб қилиб чиққанлар ҳам бор эди.

Ўша пайтларда СССР раҳбарияти мустақиллик ёки кенгайтирилган мухторият ҳақидаги талабларни Болтиқбўйи республикаларидан кутган бўлиши мумкин, аммо қозоқлардан эмас. Чунки қозоқлар Чор Россияси Қозоғистон ерларини эгаллаб олгандан кейин мустамлака сиёсатига қарши чиқмай, тақдирга тан бериб яшаб келаётган эди.

Бунинг устига, 14 та республика орасида рус тили кенг миқёсда шу республикада тарқалган, аксарият қозоқлар тили ва маданиятидан кечиб рус тилида мулоқот қилишга ўтиб кетган эди.

Орадан 2 йил ўтиб, иттифоқдош республикаларнинг айримларида мустақиллик ҳаракатлари бошланганда Олмаота намойиши ҳақида гапирила бошланади.

Жумладан, 1989 йил баҳорида қозоқ ёзувчиси ва шоири Мухтор Шаханов СССР Халқ депутатларининг навбатдаги съездида Олмаота воқеаси ҳақида илк бор ошкора гапиради. У СССР раҳбариятига махсус комиссия ташкил этиб, Олмаота воқеалари тафсилотларини қайта ўрганиш, ҳодиса сабабли жазоланганларнинг ҳукмларини бекор қилиш талабини қўяди. Шундан сўнг бу талаблар бошқалар томонидан ҳам янграй бошлайди.

1989 йил 7 июн куни Қозоғистон раҳбари Колбин ишдан бўшатилади. Орадан икки ҳафта ўтиб 22 июн куни 49 ёшли Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Компартияси биринчи котиби этиб тайинланади. Шундан сўнг Олмаота воқеаларини тафтиш қилиш тезлашиб кетади.

1989 йилда Қозоғистон ССР Олий Совети қошида Олмаота воқеаларини қайта ўрганиш комиссияси тузилади. Мухтор Шаханов унинг раиси этиб тайинланади.

Мухтор Шаханов /Фото: nur.kz

Комиссия томонидан Олмаота воқеаларига тегишли барча ҳукмлар қайта текширила бошланади. 1989 йил ноябр ойида Қозоғистон ССР Олий Совети Шахановнинг Олмаота воқеалари бўйича тайёрлаган ҳисоботини кўриб чиқади.

Шундан сўнг Шаханов раислик қилаётган махсус комиссия Олмаота воқеалари қатнашчиларининг шикоятларини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳга айлантирилади.

Қайта текширув бошланганидан бир йил ўтиб, 1990 йил май ойида КПСС Марказий Қўмитаси Олмаота воқеалари ҳақида қарор қабул қилади. Қарорда Марказий Қўмитанинг ўзи томонидан 1987 йилда қабул қилинган ва Олмаота воқеалари «қозоқ радикал миллатчилигининг кўриниши» деб чиқарилган қарор бекор қилинади.

Ўша йили сентябрь ойида Қозоғистон Олий Совети президиуми комиссияси томонидан 1986 йил 17–18 декабрь воқеалари юзасидан чиқарган сўнгги ҳал қилув қарори эълон қилинади. Қарорда Олмаота воқеаларида қозоқ ёшлари миллатчилик қилмагани ва адолатсизликка қарши бош кўтаргани айтилади.

Шунингдек, қарорда 1986 йил декабрда қозоқ ёшларининг Колбинга қарши намойишини «республика тақдирига бефарқ бўлмагани ва ўз фуқаролик позициясини билдириши» деб баҳоланади.

Ушбу қарор билан параллел равишда Қозоғистон ССР Олий суди ҳам Олмаота воқеаларига тегишли ҳукмлар юзасидан қарор қабул қилади. Қарорда Олмаота намойишларида қатнашган 322 киши 1987 йилда ноҳақ айблангани айтилади. Суд намойишчиларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаган деб топиб уларни жавобгарликдан озод этади.

Орадан яна бир йил ўтиб, 1991 йил 12 декабрда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Олмаота воқеаларида қатнашган ва турли айбловлар билан айбланган барча фуқароларни оқлаш ва улардан жавобгарликни олиб ташлаш ҳақидаги фармонга имзо чекади.

2006 йил 18 сентябрь куни Олмаота шаҳрида «Декабрь воқеалари»га бағишланган Озодлик тонги ёдгорлик мажмуаси очилади. Унда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ҳам қатнашади.

Олмаотадаги «Озодлик тонги» ёдгорлиги /Фото: ainews.kz

«1986 йил декабрда содир бўлган намойишларда қозоқ ёшлари мустақиллик учун майдонга чиққанди. Ватан озодлиги учун ўтказилган намойишларни собиқ иттифоқ мутасаддилари миллатчилик деб баҳолашди. Аммо қозоғистонликлар ҳаммасини кўриб-билиб турганди. 1986 йил 17–18 декабрда Олмаотада содир бўлган воқеалар миллатчилик руҳида бўлмаган. Буни ўтган 20 йиллик тарихда Қозоғистонда кўплаб миллатлар аҳил-иноқ яшаб келаётгани кўрсатиб турибди», – деган эди у ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросимида.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид