Жаҳон | 21:45 / 17.12.2021
24859
2 дақиқада ўқилади

Песков Путиннинг вориси тўғрисидаги саволга жавоб берди

Путин октябрда CNBC журналисти саволига жавобан ворис мавзуси муҳокама қилинмаётгани, аммо Россия конституцияси унга яна президентлик учун курашда қатнашишга имкон беришини айтганди.

Фото: ТАСС

Ҳокимиятни топшириш тўғрисида гап-сўз йўқ, ушбу масала кун тартибидан ҳам ўрин олмаган, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков RTVi телеканалига берган интервьюсида. 

«Сайловларгача ҳали уч йил бор. Кун тартибида бу масала йўқ. Вақти келиб, президент эҳтимолий вориси ҳақида гапирар, аммо ким президент бўлишини биламиз – халқ кимга овоз берса, ўша бўлади», — деди Песков.

Владимир Путин октябрда CNBC журналисти саволига жавобан ворис мавзуси муҳокама қилинмаётгани, аммо Россия конституцияси унга яна президентлик учун курашда қатнашишга имкон беришини айтганди.

Путин 2000, 2004, 2012 ва 2018 йилларда президентликка сайланган. Энди у 2024 ва 2030 йилларда ҳам сайловда иштирок этиши мумкин. 2008–2012 йилларда Дмитрий Медведев президент бўлганида президентлик муддатини 4 йилдан 6 йилга оширишни таклиф қилган ва бу ўзгариш амалга ошганди.

2020 йил апрелда Владимир Путин ўзига яна икки марта давлат раҳбарлигига сайланиш имконини берувчи қонунни имзолади.

Мавзуга оид