Ўзбекистон | 19:08 / 17.12.2021
6261
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси қуриш бўйича битим имзоланди

108 миллион долларлик лойиҳани Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси амалга оширади.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

“ACWA Power” (Саудия Арабистони) компанияси билан Қорақалпоғистон Республикасида қуриладиган 100 МВт қувватга эга шамол электр станцияси (ШЭС) лойиҳаси бўйича битимлар имзоланди. Лойиҳа қиймати 108 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун махсус ташкил этилган “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ компанияси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолаган. Шунингдек, “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” МЧЖ ва “ACWA Power” компаниялари Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим (GSА) ҳам тузган.

Қораўзак туманидаги шамол электр станцияси “ACWA Power”  компаниясининг Ўзбекистондаги тўртинчи лойиҳаси ҳисобланади. Компания, хусусан, Сирдарё вилоятида иккита буғ-газ қурилмасига эга иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини ҳам амалга оширишда ҳамкорлик қилмоқда.

Аввалроқ, ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,5695 центга тенг тарифни таклиф қилган “АCWА Power” (Саудия Арабистони) компанияси Қорақалпоғистонда шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид