Ўзбекистон | 16:57 / 17.12.2021
8473
2 дақиқада ўқилади

Ер участкаларини олиб қўйиш масаласи қонун билан тартибга солинади

Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Kun.uz

17 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкин бўлган аниқ ҳолатларнинг тугал рўйхати, компенсация бериш тартиби ва муддатлари бўйича нормаларни ўз ичига олади. Шу билан бирга, ҳужжатда компенсация берилганидан сўнг кўчмас мулк объектини олти ой мобайнида бўшатиб қўйишга имконият берилиши, компенсация сифатида бошқа турар жой берилганда ижтимоий нормани ҳисоблаш қоидалари ҳам ўз аксини топади.

“Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалалари тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солинишига, низоли вазиятларнинг олди олиниши ва ушбу соҳадаги низоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади”, дейилади манбада.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид