21:52 / 19.12.2021
15556

Ўзгараётган пуллар, ўзгармаётган тизим ва 3 054 180 — X-News

Муомаладаги пулларнинг турлари 6 ойда 2 баробарга ошяпти, қандай қилиб? “Валютчик”ларга рухсат бериш: Антимонополия VS Марказий банк? Ҳоким фермернимас, фермер ҳокимни сўкканида нима бўларди? Xpress ҳафталигида шу ва бошқа мавзуларда сўз боради.

22 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар муомалага чиқади. Банк тизимида ишлайдиганлар ёки шу тизимда танишлари борлар чоршанба куни эрталабдан янги пулларни интернетдаги профилларида биринчилардан бўлиб кўз-кўз қилишлари мумкин.

Демак, буёғига нақд пул билан муомала қилишда ҳушёрроқ бўлаверасиз. Ахир қоғоз пулларнинг хиллари 6 ой ичида 2 баробарга кўпайиб кетди.

Қанақасига дейсизми? Шунақасига. 14 июнгача муомаладаги купюраларнинг турлари 5 тагина эди холос. 22 декабрдан бошлаб эса уларнинг сони 11 тага етади.

Аслида купюраларни дизайн жиҳатдан эмас, номинал қиймати жиҳатидан санаганда, халқаро стандартга мос – банкнотлар сони жами 7та. Мисол учун, доллар ва евро банкнотлари ҳам 7 хил. Лекин ҳам янги, ҳам эски намунадаги пуллар бир вақтда амал қилаётгани сабаб сўм купюралар сони 11тагача чиқиб кетяпти.

Бунга сабаб, менимча, Марказий банк негадир янги пуллар чиққанида эскиларини муомаладан йиғиштириб олишга шошилмаяпти. Агар янги пулларни етказиб беришга улгуришмаётган бўлса, янги 50 ва 100 минг сўмликни чиқаришни кейинроққа суриб турса бўлмасмиди? Ахир 11 хил пулнинг борлиги одамларга ноқулайлик туғдириши аниқ-ку.

Нақд пул бўйича буёғига ҳушёрроқ бўлаверишга яна бошқа сабаб ҳам бор. 10, 20 ва 50 минг сўмлик пуллар ранги бир-бирига анча ўхшаш. 20 минг сўмлик бир пачка пулнинг ичига 1-2та 10 минг сўмликлар қўшилиб қолса, билмай қолиш мумкин. Устига устак айни шу учта банкнотнинг ўлчами ҳам теппа-тенг.

Ўлчамлар ҳақида гап кетганда пуллар ихчамлашаётганини айтиб кетмасак бўлмайди. Ҳажм жиҳатдан янги пуллар уч гуруҳга бўлинади. 1-гуруҳ энг кичик пуллар: 2 минг ва 5 минг сўмликлар. 2-гуруҳ – 10 минг, 20 минг ва 50 минг сўмликлар. 3-гуруҳ – 100 сўмлик энг каттаси. Пулларнинг узунлиги гуруҳдан гуруҳга 5 миллиметрдан ошиб боради.

Шу билан бирга, бу олтита янги пулнинг ҳаммасининг эни тенг – 69 миллиметр. Бу – доллар купюраларидан 3 миллиметрга катта дегани. Ҳамён ишлатишга одатланганлар учун бу яхши янгилик. Чунки эски сўмлар долларга мўлжаллаб ишлаб чиқарилган ҳамёнларга сиғмас эди.

Айни шу ҳажм томондан доллар билан яна бир марта солиштириб кетсак. Яхши биласиз, доллар купюраларининг ҳаммаси номинал қийматидан қатъи назар тенг ўлчамда. Янги сўмларнинг эса фақат эни бир хил, узунлиги эса айтиб ўтганимиздек уч хил.

Дизайнига келсак, янги банкнотларнинг ҳаммаси Буюк ипак йўли мавзусига бирлаштирилди. Барча купюраларнинг орқа томонида такрорланадиган учта элемент бор: сопол идишлар, шойи матолар ва археологик ёдгорликлар. Пулларнинг олд томонига эса тарихий обидаларнинг расми туширилган.

6та янги пулнинг ҳар бири маълум бир ҳудудга бағишланган. 2 минг сўмликда Бухоро, 5 минг сўмликда Самарқанд, 10 минг сўмликда Тошкент, 20 минг сўмликда Қорақалпоғистон, 50 минг сўмликда Сурхондарё, 100 минг сўмликда эса Хоразм тарихи тасвирланган.

Минг сўмлик пулнинг тақдири эса ҳозирча номаълум. 2001 йилдан бери ишлатиб келинаётган, кирилл алифбосидаги ягона купюра бўлиб қолаётган минг сўмликлар келгусида тангага айланадими ёки у ҳам янгиланадими, ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Пуллар ўзи нега янгиланяпти? Расмийларнинг айтишича, бунга иккита сабаб бор: купюраларни битта тематикага бирлаштириш ва замонавий ҳимоя элементларини қўллаш.

Нега бу ҳақда, масалан, 2019 йилда – 100 минг сўмлик банкнот муомалага киритилган пайтда ўйлаб кўрилмаган, деган савол бор. Яна бошқа бир масала – пулларни янгилаш харажатлари қанча? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.

Дарвоқе, сал қолса битта хатони деб пулларни янгилаш харажатлари ошган бўларди. Маълум бўлишича, 22 декабрдан муомалага киритиладиган янги намунадаги 50 минг сўмликда ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасининг тасвири туширилган, лекин тасвир остига Абу Исо ат-Термизий мақбараси деб ёзиб қўйилган.

Шанба куни Марказий банк бу хато пуллар муомалага чиқмасидан олдин тўғриланишини маълум қилди.

Валютафурушларга рухсат бериладими?

Пуллар ҳақида гап кетаркан, ҳафта охиридаги янгиликка эътиборингизни қаратамиз. Ўзбекистонда ниҳоят “валютчиклар” фаолиятига рухсат берилиши мумкин.

Муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳасида, тадбиркорларга валюта савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.

Бундан мақсад – ноқонуний валюта савдосини легаллаштириш. Ҳозир қонунга биноан валюта савдоси билан фақат банклар шуғулланиши мумкин. Лекин кўпчилик банклар шанба-якшанба кунлари ва байрамларда ишламайди. Иш кунлари эса валюта айирбошлаш шохобчалари соат 6дан кейин ёпилади.

Албатта, бу ҳали лойиҳа. Уни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ишлаб чиққан. Бу қўмитанинг кўплаб лойиҳалари шу пайтгача лойиҳалигича қолиб кетганини унутмаслик керак.

Ундан ташқари, бу масалага Марказий банкнинг муносабати аниқ эмас. Регулятор хусусий валютафурушлар фаолиятига рухсат берилмаслиги керак деган позициясини бир неча йилдан бери айтиб келади.

2019 йили Марказий банк раиси ўринбосари Бобур Абубакиров бунинг сабабини қуйидагича тушунтирган эди:

“Айрим давлатлар, масалан Россия ва Тожикистонда бу амалиёт жорий қилинган, лекин ўзини оқламаган. Яъни хусусий секторга валюта айирбошлаш ҳуқуқи берилиши улар томонидан мазкур ваколатнинг суиистеъмол қилинишига олиб келган. Жумладан, қалбаки валюта сотилиши, нореал курслар қўйилиши, асоссиз равишда катта комиссия тўловлари ундирилиши кузатилган ва албатта, охирига келиб бундан аҳоли азият чеккан”.

Бу фикрларда жон бордир албатта, лекин фақат Россия ва Тожикистоннинг негатив тажрибасига қараш ҳам тўғри эмас. Ахир хусусий валютафурушлар муаммосиз ишлаб турган ривожланган давлатлар кўп-ку.

Бизнингча, Марказий банк раиси ўринбосари айтган ҳолатлар, масалан, валюта айирбошлаш учун ҳаддан ташқари юқори курслар қўйилиши ёки катта миқдорда комиссия ундирилиши каби ҳолатлар рўй бериши мумкин, қачонки етарли даражада рақобат бўлмаса. Агар валюта олди-сотди қилиш учун лицензия олиш ҳаддан ташқари мураккаб ва амалда иложсиз қилиб қўйилса, рақобат ҳам бўлмаслиги аниқ.

Ундан ташқари, қора бозор ҳозир ҳам бор, минглаб одамлар долларни кўчада майдалаяпти, лекин Марказий банк расмийси айтганидек қалбаки долларлар муаммоси авж олиб кетгани йўқ-ку?

Кескин қимматлашган бензин бирозгина арзонлашди

Шанба куни “Ўзбекнефтгаз” барча шохобчаларида Аи-80 бензини нархини 6850 сўмдан 6500 сўмга туширганини эълон қилди. Бундан ташқари, компания шохобчаларда тушдан кейин Аи-80 тугаб қолишига қарши чора кўришга ҳам ваъда берди.

Эсингиздами, нарх осмонга чиққан пайтларда Антимонополия қўмитаси “айрим ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги монопол мавқейи” нархга таъсир қилганини айтган эди. Қўмита гарчи аниқ номларни тилга олмаган бўлса ҳам, бензин қимматлашишига бозорнинг манипуляция қилингани сабаб бўлганини билдирганди. Бу, содда қилиб айтганда, айримлар “ўйин қилган” дегани.

Бизнингча, Антимонополия қўмитаси ўша манипуляторлар кимлигини очиқ айтиши керак. Фақат шугина эмас, бензин бозори бўйича батафсил ўрганишлар натижалари, айниқса импорт бўйича маълумотлар тўлиқ очиқланиши лозим. Ўзбекистонга бензин олиб кираётганлар орасида рақобатни оширишга оид таклифлар киритилса, ундан ҳам яхши.

Ҳоким фермерни сўкди. Ҳеч қанақа жавобгарлик йўқ

Бу ҳафта Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокими Ўктамбой Қурбонов экани айтилаётган шахс роса сўкингани эшитилган аудио тарқалди. Ҳокимиятнинг ўзи бу масалада изоҳ беришдан бош тортди.

Биласизми, бу ерда муҳими ҳокимнинг сўкингани эмас. Ўктамбой Қурбонов октябр ойида Ўзбекистондаги 205 та туман-шаҳар ҳокимлари орасидан иккинчи энг яхшиси деб топилгани ҳам аҳамиятсиз. Унинг укаси президент маслаҳатчисининг ўринбосари бўлиб ишлаши ҳам у қадар муҳим эмас.

Муҳими – ҳоким кимни сўккани. Айтишларича, Қурбонов ғалла режасини бажармагани учун фермерни ҳақоратлаган. Бу эса, минг афсуски, иқтисодиётимизнинг ҳақиқий мотори бўлиши мумкин бўлган соҳа ҳалигача ҳокимларнинг чангалида эканини яна бир марта кўрсатиб қўйди.

Иккинчи муҳим жиҳат шундаки, бу аудиога ҳеч қанақа реакция бўлгани йўқ. На ҳуқуқий, на сиёсий жавобгарлик масаласи кўтарилмади. Қонунларимизда мансаб ваколатидан четга чиқиш деган моддалар борлигини биров эсламади, тадбиркорларни ҳимоя қиладиган ташкилотлардан овоз чиқмади.

Энди савол. Худди шу вазиятда ҳоким фермерни эмас, фермер ҳокимни сўкканида нима бўларди?

“Бузмасак бўлмайди”

Бузилишга тушган “Қўйлиқ” бозори бу ҳафтанинг ҳам энг асосий мавзуларидан бири бўлди. Ниҳоят расмийлардан садо чиқди. Лекин доимгидек, берилган изоҳлар яна янги саволларни ўртага чиқарди.

“Бозорни кўчирмасак бўлмайди”, деди Бектемир тумани ҳокими Тапил Маҳамадзиёев. Ҳурматли ҳоким, айтинг-чи, Қўйлиқни кўчирмасак бўлмас экан, буни бозорчиларга аввалроқдан айтиб қўйса бўлмасмиди?

Бозорга кираверишда катта қилиб: “Бозор 1 йилдан кейин бузилади, фалон жойга кўчирилади” деб нега эълон ёзиб қўйилмаган? Дабдурустдан ҳаммани мажбурлаб қувиш шартмиди?

Ҳозир биз бозорчиларни хабардор қилиш ҳақида гапирдик, лекин қизиғи, оддий савдогарлар уёқда турсин, ҳатто бозор маъмурияти ҳам бу ҳақда огоҳлантирилмаган. Буни “Қўйлиқ” деҳқон бозори директорининг ўринбосари Қодиржон Нормирзаев маълум қилди.

Бозор кўчирилишига қарши чиқиб йўлни тўсганлардан 5 нафари қамоққа олинганини эшитган бўлсангиз керак. Биз ҳуқуқбузарликни оқламоқчи эмасмиз, лекин айтмоқчимизки, минглаб одамлар тирикчилик қилаётган бозорни кўчириш ҳақида гап кетаркан, бу ҳақда аввалроқ эълон қилинганида балки бунақа кўнгилсизлик рўй бермаган бўлармиди?

Бундан ташқари, бозор бирданига эмас, босқичма-босқич кўчирилади деган Бектемир ҳокими яна бир саволга жавоб бериши керак: Food City'га кўчиб ўтиш ҳақида савдогарлардан нега огоҳлантириш хатлари олинган? Бу хатдаги 1 январгача деган муддатни ким белгилаган?

Саволлар кўп. Жавоблар эса янги саволларни уйғотаверади. Биз эса шу ҳафта маълум бўлган битта рақам билан дайжестга якун ясаймиз: Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январ ойидан сентябр ойигача 3 054 180 нафар Ўзбекистон фуқароси ишлаш мақсадида Россияга борган.

Top