Жамият | 22:59 / 21.12.2021
73928
7 дақиқада ўқилади

“Шовотландия” кафесига ўт қўйганлар умрбод озодликдан маҳрум этилди

Тошкентдаги кафега ўт қўйилишида 5 киши вафот этганди.

Воқеа тарихи

Фото: ФВВ матбуот хизмати

27 февраль соат 03:51 да Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Воқеа жойига 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилиб, соат 04:37 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин оқибатида кафенинг том қисми ҳамда ички жиҳозлари, 150 квадрат метр майдони ёниб жиддий зарарлангани, шунингдек, қурбонлар борлиги айтилганди. Кейинчалик кафеда яшаб ишлаган 5 киши ёнғинда ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар прокуратураси Kun.uz’га ҳалок бўлганларнинг энг кичиги 20, энг каттаси 60 ёшда бўлганини билдирганди. Марҳумларнинг уч нафари аёл, икки нафари эса эркаклардир. Қайд этилишича, ёнғинда 1999 йилда туғилган М.Б. (аёл), 1998 йилда туғилган Ж.Ж. (эркак), 1998 йилда туғилган Х.Х. (эркак), 1996 йилда туғилган Ш.А. (аёл) ва 1961 йилда туғилган Б.А. (аёл) ҳалок бўлган.

Тезкор тергов ҳаракатлари натижасида ёнғин қасддан содир этилгани аниқланган. Кафени қасддан ёқиб юборган шахс бино деворларига ўзи билан олиб келган идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган ва аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлганидан сўнг воқеа жойини яширинча тарк этгани аниқланган.

28 феврал куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи, муқаддам уч марта судланган шахс ушбу жиноятни содир этишда гумонланиб ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «б, в» бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилгани айтилганди.

“Авторитет”

Суд жараёнидан эксклюзив репортаж тайёрлаган “Замон” информацион дастури мухбири суд ҳужжатларига таяниб 36 ёшли судланувчи илгари таркибида бир неча уюшган жиноий гуруҳлар мавжуд бўлган қуролли жиноий уюшмани бошқарган ва “авторитет” деган ном чиқарганини маълум қилди. Маълум бўлишича, у муқаддам содир этган жиноятлари учун жазо ўтаётганда 26 ёшли судланувчи билан танишиб қолган. 26 ёшли судланувчи қамоқда унинг таъсирига тушиб қолган ва уни “босс” дея тан олган.

26 ёшли судланувчи қамоқдан чиққач, 36 ёшли судланувчи уни ўзи ишлаб келаётган Зангиота тумани “Эшонгузар” қўрғонидаги чойхонага ишга олади. Ёш йигитни ўзига молиявий жиҳатдан тобе қилиб қўйгач унга турли жиноий топшириқларини бажартириб келган.

Суд мажлисида кафенинг эгаси телефон орқали 36 ёшли судланувчидан ёрдам сўраб, “Эдди” лақабли шахс унинг қариндошидан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан 5 дона “Iphone 11 Pro” русумли телефонни олиб, муайян миқдордаги пулларни тўлагани ва қолган 4000 долларни бермай юрганлигини айтган. У эса “Эдди” билан боғланиб, унга пулларни беришини тайинлаган ҳамда ёрдам сўраган шахсдан бунинг эвазига 1500 долларли “Iphone” олиб беришини айтган.

Кафе эгаси “авторитет”нинг таклифини рад этгач, судланувчи уни ўзининг чойхонасига чақириб, ҳақоратлайди. Бунга жавобан ўзини хўрланган деб ҳисоблаган шахс “Шовотландия” кафесидаги ўзининг офисига судланувчини чақиради. Икки ўртада ўзаро можаро юзага келади ва кафе эгаси хонадан чиқиб кетади. Ташқарида уни кутиб турган танишлари эса судланувчи ва унинг 2 нафар шериги хонадалигини билиб туриб, эшик ва ойналарга тош отишган.

36 ёшли судланувчи ва унинг шериклари воқеа жойидан қочишга улгуради. У 26 ёшли судланувчига бўлган воқеаларни айтиб, қасд олиш режасини тузишади. Шериклар “Шовотландия” эгаси офисда тунаб қолган вақтда кафега ўт қўйишга келишиб олишади.

Умрбод қамоқ

Фото: Видеодан кадр

21 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов бошчилигида кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди. Суд маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида «Шовотландия» кафесининг 644 млн 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 млн сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ва 25 ёшли икки нафар қиз ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.

Суд ҳукми билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, унга ЖИБ Яккасарой туман судининг 2014 йил 11 июлдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддати қўшилиб, енгилроқ жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми эълон қилинган кундан 20 кун ўтиб кучга киради.

Мавзуга оид