Жаҳон | 12:17 / 23.12.2021
13943
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ раҳбари пандемия қачон тугаши мумкинлигини айтди

Фото: AFP

ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус келаётган 2022 йилда коронавирус пандемияси тугаши мумкинлигини айтди.

“Фикримча, пандемия бошлангандан 2 йил ўтгач биз бу вирусни яхшироқ биламиз ва унга қарши энг яхши воситаларга эгамиз. Шу сабабли умид бор ва мен ўз баёнотимда пандемияни 2022 йилда тугатишимиз кераклигини айтдим”, деб таъкидлаб ўтган брифингда Гебрейесус. 

Унинг таъкидлашича, эндиликда асосий вазифа мавжуд воситаларни, жумладан вакцина ва бошқа ҳимоя чораларини самарали қўллаш ва вакциналарни тақсимлашдаги тенгсизликни бартараф этиш ҳисобланади.

Бироқ шу билан бирга, ЖССТнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан дунё пандемия якунланишидан ҳали йироқлигини, аммо унинг устидан ғалаба қозониш учун воситаларга эгалигини айтган.

“Фикримча, биз ҳали пандемиянинг охирида эмасмиз, биз ҳаттоки унга яқинлашмадик ҳам. Бироқ бизда фан эвазига аввалгидан кўра кўпроқ воситалар мавжуд. Бизда бу вирус билан қандай иш тутиш кераклиги борасида билимлар бор. Бироқ бизга барча давлатлар ўртасида вирусга қарши кенг қамровли ва барқарор дастурларни олиб бориш борасида умумий истак етишмаяпти”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис. 

Ушбу брифингда ЖССТ техник гуруҳи раҳбари Ван Керкхове вирус ҳамон мутация қилаётгани, вазиятга мослашаётгани ва ривожланаётганини, бу эса уни қандайдир вақтда мавсумий касалликка айлантириши мумкинлигини айтган.

“Ўйлашимча, бу ерда ушбу вирус эндемик вирусга айланадими, деган масала ҳам турмайди. Шубҳасиз, у бунга айланиш йўлида. Бироқ эндемик дегани, хавфли эмас деганини билдирмайди. Эндемик одатда тарқалиш даражаси пастлигини, географик жиҳатдан чекланганликни билдиради ва сиз бунда вирус аҳолининг ҳимояланмаган қатламидагина авж олишини кўрасиз. Фикримча, биз бу йўналишда кетмоқдамиз. Бироқ биз ҳали пандемиянинг ўртасидамиз ва дунёнинг ярми ҳали ҳам пандемияда бўлган шароитда эндемик вазиятга ўта олмаймиз. Ўйлашимча, бизни ҳали узоқ йўл кутмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Ван Керкхове.

Аввалроқ ЖССТнинг Европадаги бюроси раҳбари Ханс Клюге Европа давлатларида эпидемиологик вазият “омикрон” штамм сабабли ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Жумладан, Францияда кунлик касалланиш ҳолатлари 100 мингдан ошиши прогноз қилинмоқда. Бу орада Британияда кунлик касалланиш ҳолатлари илк бор 100 мингдан ошди. 

“Яна бир шторм яқинлашмоқда. Яқин ҳафталарда “омикрон” Европа давлатларининг кўпчилигида устунлик қилади ва уларнинг шундоқ ҳам ортиқча юкланган соғлиқни сақлаш тизимларини фалокат ёқасига келтириши мумкин”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Мавзуга оид