Ўзбекистон | 08:24 / 24.12.2021
8107
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилади

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти

Президентнинг “Самарқанд давлат тиббиёт институтида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

  • Самарқанд давлат тиббиёт институти негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш;
  • Самарқанд вилояти Самарқанд тумани Ўрташиқ қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида университет ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш;
  • Самарқанд давлат тиббиёт институтининг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида тегишинча Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар каминвазив хирургик клиникасини ташкил этиш;
  • Самарқанд давлат тиббиёт институти лицейини университет лицейи деб қайта номлаш;
  • Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар Республика илмий-амалий марказининг Самарқанд филиали негизида университет ҳузуридаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий тадқиқот институтини ташкил этиш;

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилоят филиали янги бинога кўчирилиши муносабати билан, филиалнинг бўшайдиган Самарқанд шаҳар Махдуми Азам кўчаси, 18-уй манзилда жойлашган эски биносини университет тасарруфига ўтказиб бериш ҳамда ушбу бинода:

  • университет ҳузурида Нейрохирургия ихтисослаштирилган илмий-амалий марказини ташкил этиш;
  • университет ҳузурида Иммунология ва инсон геномикаси илмий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Белгиланишича, университет:

  • Самарқанд давлат тиббиёт институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади;
  • университет клиникалари, лицейи, Нейрохирургия ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, Иммунология ва инсон геномикаси илмий маркази ҳамда Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтининг муассиси университет ҳисобланади ва уларнинг фаолияти университет томонидан мувофиқлаштирилади;
  • таркибий тузилмалар ҳамда университетнинг ўзи юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасалари ҳисобланади, Молия вазирлигининг ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
  • университет таркибий тузилмалари биринчи раҳбарлари университет илмий кенгашининг тақдимномасига кўра соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари билан қуйидаги йўналишларда фаолият олиб боради:

  • таълим жараёни учун зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратиш ва ўқув жараёнига тажрибали мутахассисларни жалб этиб бориш;
  • техникумлар ва коллежлар ахборот-ресурс маркази фондларини замонавий ўқув ҳамда ўқув-услубий адабиётлар билан бойитиш, “электрон кутубхона” тизимини такомиллаштириш, ҳамда улардан унумли фойдаланишни таъминлаш мақсадида университет ахборот-ресурс марказида Инновацион таълим ўқув услубий ресурслар хабини ташкил этиш;
  • техникумлар ва коллежларда илмий фаолиятни ривожлантириш мақсадида, уларда фаолият юритувчи ўқитувчиларга илмий-услубий ёрдам кўрсатиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид