Жамият | 15:22 / 26.12.2021
47913
3 дақиқада ўқилади

“Папайя, зайтун, киви ва банан пишди” — булоқбошилик шифокорнинг ажабтовур боғи

Инсон бирор ишга меҳр билан ёндашса, уддасидан чиқишига Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғида бўлиб амин бўлдик. Шифокор Одилжон Сиддиқов ўзининг мўъжаз иссиқхонасида папайя, фейхоа, зайтун, мандарин, лимон, грейпфрут, маракуйя, гожи, банан, киви каби ўндан зиёд ўзга юрт ўсимликларини парвариш қиляпти.

Боғбон ўз хонадонида иссиқхона ташкил қилиб, турли кўчатларни парвариш қилаётганига икки ярим йил бўлибди. Лекин ютуқлари ҳавас қилгудек.

Бир ярим сотихдан иккита иссиқхонанинг бирида кўчатлар етиштириб аҳолига тарқатаётган бўлса, яна бирида цитрус ва тропик мевалар пишяпти.

Одилбек касби шифокор бўлгани учун ҳар бир дарахтни экишда инсон организми учун фойдали томонларига эътибор қаратганини айтади.

Папайя – диск чурраси, ошқозон-ичак ҳазми, қандли диабет билан боғлиқ касалликлари, ўн икки бармоқ ичаклардаги яра, жигар касалликларига, лимон эса қон босими билан оғриганларга даво бўлса, гожи мевасида инсон учун керак бўлган энг керакли ўндан зиёд кимёвий элементлар мавжуд, дейди у. Унинг сўзларига кўра, иссиқхонадаги мевалар “табиий дорихона” экан.

“Бундай ўзгача меваларни етиштириш мен учун нафақат тадбиркорлик, балки мен бу ишимдан завқ ҳам оламан. Икки йил олдин иссиқхона қилиб, бошқаларга ўхшаб, помидор, бодринг ёки кўкат эмас, ўзгачароқ нарсалар экишни ният қилдик. Аста-секин тажриба ошиб, ютуқларга эришяпмиз. Ҳар бир дарахтни ўрганиб чиқиб, ўз иқлимимизга мослаштиряпмиз.

Зайтун дарахтидан мевасини териб олиб истеъмол қилишни хоҳлардик. Мана ўша зайтун хонадонимизда пишиб етилди. Мақсадимиз – мана шундай ноёб ўсимликларни табиатимизга мослаштириб кўпайтириш”, дейди Одилжон Сиддиқов.

 

Боғбон иссиқхонасидаги барча дарахтларни бирма-бир таништириб чиқди. Биз лимон ва бергомотнинг фарқини, ўзбек селекционерлари ижоди бўлган лимоннинг F1 нави иссиқхонадаги барча лимонларни чанглатиши, кивидан ўзимизнинг табиий шароитда ҳосил олиш мумкинлигини билиб олдик.

Иссиқхонада тўти, канарейка, саъва каби қушлар учиб юрибди. Одилжон мана шу қушлар табиий термометр эканини айтди. Агар қушлар ҳурпайиб совқотиб қолганини билдирса, иссиқхона ҳароратини кўтариш кераклиги билинар экан.

Боғбонга “Даромад қандай бўляпти?” деган саволни ҳам бердик. “Ҳозирча йилига 30-40 миллион сўм даромад топяпман”, дейди Одилжон. Уч сотихгина жойдан олинаётган фойда ёмон эмас.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид