Катта имтиёзлар: Ерости бойликларини ўзлаштиришдан кимлар манфаат кўради?
Хусусий компанияларга ерости бойликларини ўзлаштиришда мисли кўрилмаган имкониятлар берилгани янгидан янги саволларни туғдиришда давом этмоқда. Ҳукуматга яқин манба шахсини ошкор қилмаслик шарти билан Kun.uz’га яна бир неча “карталар”ни очиқлади. Имтиёзлар сони яна ортмоқда. Ҳукуматдан эса ҳамон садо йўқ.

Гап нимада?
Ўзбекистонда 2022 йилдан Ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб газгача) солиқ ставкалари пасаймоқда. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” учун ўзгармасдан қолади.
Ерости бойликларини ўзлаштирувчиларга Ер қаъридан фойдаланганлик учун пасайтирилаётган солиқ ставкалари қуйидагича:
- нефть ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефть 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз);
- олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз);
- вольфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз);
- уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилиши кутиляпти.
Хусусий компанияларга ерости бойликларини қазиб олиш учун ниҳоятда ҳайратланарли имтиёзлар берилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бу имтиёзлар ерости бойликлари олигархлар қўлига осон ўтишига сабаб бўлиши эҳтимоли ҳақидаги хабар жамоатчиликда хавотирлар уйғонишига сабаб бўлди.
Молия вазири Тимур Ишметов нима сабабдан бу имтиёзлар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз”га берилмаётганини бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсади билан изоҳлади.
Шунингдек, вазир хусусий компанияларга катта имтиёзлар берилишини “Солиқ ставкаларини пасайтириш орқали инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштириш назарда тутилгани” билан изоҳлаганди.
Икки томонлама имтиёз кимларга фойда?
Kun.uz’га ҳукуматга яқин манба шахсини ошкор қилмаслик шарти билан хусусий компанияларга нафақат солиқ имтиёзлари берилаётгани, балки бюджетдан субсидиялар ажратилаётгани ҳақида гапириб берди.
“Фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштиришда ростдан ҳам афзаллик берилиши керак. Лекин биринчидан, айнан олигархларга ва хорижий инвесторларга паст дебетли конлар берилмаяпти, дебети энг юқори конлар уларга тақсимланмоқда.
Иккинчидан, айнан паст дебетли конларни қидириб топиш ва ўзлаштириш учун ҳар йили субсидия ажратиляпти, 2022 йилда ҳам 1 трлн сўм субсидия тақсимланади – айнан ўша гўёки паст дебетли конларни ўзлаштираётган хорижий ва олигарх инвесторларга.
Бошқача айтганда, инвестицияларни жалб қилиш ва фойдали қазилмалар миқдори кам бўлган конларни ўзлаштириш баҳонасида олигархия икки томонлама манфаатга эга чиқмоқда. Ҳам солиқ имтиёзларига, ҳам субсидияларга”, дейди манба.
Ҳақиқатан 2022 йилги бюджетномада геология қидирув ишлари учун бюджетдан 1 трлн сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган. Лекин очиқ манбаларда паст ва юқори дебетли конлар кимларга берилгани ҳақида маълумот йўқ. Бу эса паст дебетли конларни ўзлаштириш учун 1 трлн сўм субсидия кимларга берилиши ҳақидаги саволни ҳам туғдиради.
Субсидиялар кимларга ва қандай тақсимланади?
Kun.uz 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда акс этган геология қидирув ишлари учун ажратилаётган субсидиялар кимларга ва нима мақсадда тақсимланиши борасида Геология қўмитаси бўлим бошлиғи Азимжон Холиқовдан изоҳ олди.
У субсидиялар аввало ички эҳтиёжларни хомашё билан таъминлашга қаратилишини билдирди.
“Геология қидирув ишлари учун бюджетдан 1 трлн сўм субсидия ажратилмоқда, шундан 53 миллиарди геология қидирув ишлари асбоб-ускуналарини сотиб олиш учун ишлатилади. Геология қидирув ишлари асосан олтин, кумуш, уран, рух, қўрғошин, углеводородлар, бошқа номаъдан фойдали қазилмалар қазиб олиш ҳисобланади. Ўтган йилдаги захира миқдорлари 2022 йилда кўпроқ бўлади, шунинг учун геология қидирув ишларига 5 фоиз кўпроқ пул сарфланяпти.
Субсидияларнинг асосий миқдори ички эҳтиёжларни хомашё билан Навоий кон металлургия заводи Навоийуран, ОКМК, “Ўзбекнефтгаз” жамиятини хомашё билан таъминлашга қаратилади. Ички эҳтиёжларни қондириш учун. Кейинги навбатда янги объектлар, ўзлаштирилмаган, инфраструктурадан узоқ бўлган объектлар ўзлаштириш учун инвесторларга берилади”, деди у.
Шунингдек, Геология қўмитаси масъули паст дебетли конлар кимларга берилиши ва бунинг учун субсидиянинг қанча қисми сарфланишига ҳам тўхталди.
“Геология қидирув ишларини олиб борганда катта риск бўлади, рискнинг маълум бир миқдори паст дебетли конлар учун сарфланади. Чунки ҳамма конлар ҳам йирик кон эмас ва иқтисодий жиҳатдан мақбул ҳудудларда жойлашмаган.
Кўп ҳолларда геология қидирув ишлари ўзини оқламайдиган конлар йўқ, лекин миқдор жиҳатдан камроқ хомашё олинади. Мана шу объектлар паст дебетли конлар бўлади ва кўпроқ чет эл инвесторларига берилган. Бу конлар республика инфраструктурасидан ташқаридаги объектлар ҳисобланади. Яъни булар НКМК, ОКМКнинг эҳтиёжидан ташқаридаги объектлар инвесторларга тақдим этилади.
Узоқ йиллар давомида ўзлаштирилмаган конлар технология йўқлиги, рентабеллик даражаси етарли эмаслиги ва инфраструктурадан йироқлиги учун мақбул шарт-шароитлар асосида чет эл инвесторларига берилмоқда”, деди у.
Паст дебетли конларни ўзлаштиришга қанча пул сарфланади?
Геология қидирув ишларига ажратилаётган 1 триллион сўмлик субсидиянинг қанча қисми паст дебетли конларни ўзлаштиришга сарфланиши ҳақида аниқ маълумот бермади.
“Қанча пул ажратиляпти? Бу саволга тўлиқ жавоб бера олмайман. Катта қисми эмас, 10-20 фоизи паст дебетли конлар учун ажратилиши мумкин”, деди у.
Бу ҳали ҳаммаси эмас: имтиёзлар шу билан тугамайди
19 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Telegram-каналида Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилингани тўғрисида ёзди.
Унинг мақоласида Ер қаъридан фойдаланганлик учун имтиёзлар янада кенгаяётганига эътибор қаратилган.
“Шунингдек, бюджетнома ҳамда давлатимиз раҳбарининг ПФ-6319-сонли фармонида Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари фақатгина 6та модда (нефть, табиий газ, олтин, мис, вольфрам ва уран) учун камайтирилиши белгиланганди. Бироқ гарчи фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш нисбатан сердаромад ва кам сонли ўйинчилар иштирок этадиган бозор бўлса-да, белгиланган 6та моддадан ташқари яна бир нечта фойдали қазилмалар учун ҳам солиқ ставкалари сезиларли миқдорда пасайтирилмоқда”, деб ёзди депутат.
Дониёр Ғаниев муҳокамаларда бошқа турдаги фойдали қазилмалар учун солиқ ставкасини пасайтириш юзасидан аниқ ҳисоб-китоб ёки асослантириш тақдим этилмаганини таъкидлаган.
Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, бошқа қазилма бойликлари учун солиқ ставкалари алоҳида гуруҳланмоқда ва соддалаштирилмоқда. Мисол учун, энергия манбалари (нефт, табиий газ ва газ конденсати) учун солиқ ставкалари 10 фоиз, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш, палладий, платина, осмий ва бошқа қимматбаҳо металлар) 7 фоиз, рангли металлар 7 фоиз, радиоактив металлар 8 фоиз (вольфрам 2,7 фоиз, нодир тош хомашёси 10 фоиз, қора металлар 4 фоиз (темир эса 5 фоиз), кон-кимё хомашёлари 3,5 фоиз (ёд 4,8, минерал пигментлар 5,5 фоиз) этиб белгиланмоқда.
Имтиёзлардан кимлар кўпроқ манфаат кўради?
Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда бу соҳада фаолият юритадиган хорижий компаниялар асосан қуйидагилар:
- Лукойл;
- “Газпром Зарубежнефтгаз”;
- Epsilon Development Company;
- “Саноат энергетика гуруҳи”.
30 октябр куни “Ўзбекнефтгаз” Jizzakh Petroleum компанияси таъсисчилари таркибидан бутунлай чиқди ва корхона ўз номини “Саноат энергетика гуруҳи” МЧЖ хорижий корхонаси деб қайта номлади.
Маълум бўлишича, ташкилотнинг бу бўйича қарори 2021 йил май ойида қабул қилинган. Лекин бу қарор энди очиқланган. Бунгача қўшма корхонанинг 49 фоизи “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлган.
Айтилишича, Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси 2017 йил июнь ойида “Ўзбекнефтгаз” ва Gazprom International’нинг шуъба корхонаси — Gas Project Development Central Asia томонидан ташкил этилган. Дастлаб корхонада Ўзбекистон томони 60 фоиз, Россия томони 40 фоиз улушга эга бўлган. 2019 йилда Россия Ўзбекистоннинг Jizzakh Petroleum’даги улушини камайтириш нияти борлиги маълум қилинган.
“Ўзбекнефтгаз” Jizzakh Petroleum’нинг акционерлар гуруҳидан чиқишини Kun.uz’га “шартлар тўғри келмагани” билан изоҳлади.
Қизиғи, Jizzakh Petroleum “Ўзбекнефтгаз” таркибидан чиқиши ерости бойликларини қазиб олиш учун солиқ ставкаларини пасайтириш тўғрисидаги фармон қабул қилинганидан (07.10.2021) 23 кундан кейин содир бўлди.
Шунингдек, 2017 йилда пайдо бўлган компания Ўзбекистондаги нефт қазиб олиш конларининг қарийб 80 фоизига эгалик қилиши ҳақида маълумотлар бор. Илгари бу конлар кимга тегишли бўлгани ҳақида савол туғилмоқда.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати бу борадаги саволимизга хусусий компания, унинг вазирлик фаолиятига алоқаси йўқлигини билдирди. “Улар биз билан шартнома асосида ишлайди, лекин компания ҳар бир айтган гапи учун ўзи жавоб беради”, деди вазирлик масъули.
Афсуски, мамлакатнинг ерости бойликларини, хусусан, нефт ва газини қайси компаниялар четга экспорт қилиши, компаниялар таркибидаги конлар, захираларининг ҳажмлари тўғрисида ҳам Энергетика вазирлиги матбуот хизмати қуйидагича жавоб берди: “Табиий газ ва нефт қазиб олувчи компаниялар 13та. Қолган маълумотлар “махфий” ҳисобланади. Чунки компаниялар фаолияти ҳақида айтиб беролмаймиз ва бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Буни шу компанияларнинг ўзидан сўраш керак”.
Ҳар бир хусусий компания қанча конга эгалик қилиши, захиралари, қанча маҳсулотни четга сотиши қандай қилиб ёпиқ маълумот бўлиши мумкин? Гап кимнингдир шахсий мулки эмас, халқнинг ҳаққи бўлган табиий бойликлар ҳақида кетмоқда. Вазирлик расмий веб-сайтида ёзиб қўйилган “Энергетика соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда хўжалик фаолияти функцияларини аниқ чегаралаш” функциясини ким бажармоқда?
Имтиёзларга қайтамиз. Савол туғилади: хусусий компанияларга берилаётган имтиёзлар нима сабабдан жиддий эътибор қаратилиши керак бўлган мавзу? Негаки солиқ имтиёзлари берилмаётган “Ўзбекнефтгаз” ва у акциядори бўлган қўшма корхоналар қазиб оладиган нефт ва газ четга экспорт қилинмайди, тўлиғича Ўзбекистон халқига етказиб берилади.
Бу юқорида номлари тилган олинган хорижий хусусий компаниялар “инвестиция” ниқоби остида мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари билан мамлакат бойликларига эга чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни туғдиради.
Чунки берилган солиқ имтиёзлари натижасида бир бирлик конни ўзлаштириш НКМК ва ОКМКга хусусий компанияларга қараганда қимматга тушиши мумкин. Бунинг оқибатида давлат компанияси ўйиндан чиқади ва ерости бойликларини ўзлаштириш бозори янада кам, бу ҳам етмагандек хорижий компанияларга тўлиқ ўтиб кетиши мумкин.
Мадина Очилова
Тавсия этамиз
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Табиий-иқлим шароити оғир бўлган ҳудудлар рўйхати кенгаймоқда
Ўзбекистон | 08:04
-
Байрам байрамдай бўлди. Ўзбекистоннинг тарихий ўйинидан Kun.uz фоторепортажи
Спорт | 00:13
-
Ислом Тўхтахўжаев ўзига берилган BYDʼни жамоадоши Бобур Абдухолиқовга совға қилди
Спорт | 23:49 / 10.06.2025
-
300 минг доллар васвасаси ёхуд қотиллик билан тугаган шериклик - суддан репортаж
Жамият | 23:40 / 10.06.2025
Мавзуга оид

16:32 / 10.06.2025
“Ерости бойликларимиз 3 триллион долларга баҳоланмоқда” — Шавкат Мирзиёев

13:08 / 09.06.2025
Россия Ўзбекистонга газ етказиб беришни 4 баробардан ортиққа оширди

09:54 / 04.06.2025
Bloomberg: "Газпром" Туркиядаги газ ҳаби бўйича режаларни кейинга қолдирди

15:09 / 09.04.2025