08:23 / 28.12.2021
11904

Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга жўнаб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Санкт-Петербургда бўлади.

Учрашув Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев қатнашади.

Саммитда етакчилар йилнинг асосий якунларини сарҳисоб қилиб, ҳамкорликни ривожлантиришнинг келгусидаги устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашади.

Top