Жаҳон | 21:18 / 30.12.2021
4575
1 дақиқада ўқилади

Саакашвили шифохонадан қамоқхонага қайтарилди

Михаил Саакашвили 8 ноябрда қамоқхонадан Тбилисидаги қамоқхона шифохонасига, 20 ноябрда Горидаги ҳарбий ҳоспиталга ўтказилганди.

Фото: ТАСС

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили Горидаги ҳарбий ҳоспиталдан Рустави қамоқхонасига олиб келинди. Бу ҳақда Украина олий радаси депутати Елизавета Ясько маълум қилди.

“Грузия вақти билан тунги соат иккида Михаил Саакашвилини Горидаги ҳоспиталдан мажбуран олиб чиқишди ва Рустави қамоқхонасига олиб кетишди”, — деб ёзди Ясько.

Грузия пенитенциар хизмати Саакашвили Рустави шаҳридаги қамоқхонага олиб келинганини тасдиқлади.

Саакашвили 29 сентябрда Грузияга яширинча қайтгандан кейин 1 октябрда Тбилисида ҳибсга олинганди. Шундан кейин у Рустави шаҳридаги қамоқхонага жойлаштирилган ва бунга норозилик сифатида очлик эълон қилган.

8 ноябрда у яқинлари ва адвокатлари билан келишилмаган ҳолда қамоқхонадан дастлаб Тбилисидаги турма шифохонасига, 20 ноябрда Горидаги ҳарбий ҳоспиталга ўтказилганди.

 

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид