15:04 / 01.01.2022
11655

Ҳокимлар алмашинувидан қуёш станцияси ишга туширилишигача –  2021 йилда Навоий вилоятида юз берган 8 та муҳим воқеа

Якунига етган йилда навоийликлар ҳам турли ўзгаришлар ва воқеалар гувоҳи бўлишди: раҳбарлар алмашди, янги заводлар очилди, турли жиноятлар содир этилди... Kun.uz 2021 йилда вилоятда юз берган 8 та муҳим воқеани эътиборингизга ҳавола қилади.

1. 2021 йилда Навоийда юз берган янгиликларнинг энг муҳими вилоят раҳбарининг ўзгариши бўлди. 2016 йилнинг декабридан буён вилоят ҳокими сифатида ишлаб келган Қобул Турсунов соғлиги даволаниш талаб этгани сабабли ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилди. Вилоятнинг янги раҳбари сифатида Нормат Турсунов иш бошлади. У 2018 йил ёзидан буён Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Қобул Турсунов ва Нормат Турсунов

2. Вилоятнинг Кармана туманида қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Унинг рамзий ишга туширилиш маросимида Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Мазкур қуёш фотоэлектр станцияси 268 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 110 млн долларни ташкил этди. Станцияда йилига 252 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади

3. Вилоят ҳаётидаги муҳим воқеалардан яна бири «Навоийазот» акциядорлик жамиятида бирйўла иккита завод - азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналарининг иш бошлагани бўлди. Ушбу заводларнинг очилиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев қатнашди. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар «Навоийазот»да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади.

4. Ўтган йилда вилоятда 2 та туман ҳокими алмашди. Март ойида Хатирчи тумани ҳокими Ғафур Алиев бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилди ҳамда унинг ўрнини Сайфиддин Низомов эгаллади. Ноябрь ойига келиб, вилоятнинг Қизилтепа туманига қарийб 25 йил ҳокимлик қилиб келган Шабон Набиев ҳам ишдан кетди. “Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси, сенатор Улуғбек Файзиев туманнинг янги раҳбарига айланди

5. Вилоятда содир бўлган шов-шувли воқеалардан яна бири Зарафшон дарёсида кўплаб балиқларнинг захарланиб, нобуд бўлиши бўлди. Экология қўмитаси бунга “Навоийазот” корхонасининг дарёга хавфли моддаларни белгиланган меъёрлардан кўп миқдорда оқизганлигини сабаб қилиб кўрсатди. Аммо корхона бу айбловни рад қилди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди.

6. Август ойида Навоийда яна бир йирик корхона – 7-гидрометаллургия заводи иш бошлади. Зарафшон шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинатининг Марказий кон бошқармасига қарашли мазкур завод йилига 15 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга.

7. Ноябрь ойида Навоийда давлатнинг 1 млрд 53 млн сўмини талон-торож қилган мансабдорнинг ҳоким фармойишига асосан рағбатлантирилгани воқеаси ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz суриштирувида Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юсуф Турсунов суд ҳукми билан мансабдор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган бўлса ҳам, лавозимидан бўшатилмай келгани аниқланганди. Кейинчалик мазкур иш доирасида шаҳар ҳокимининг қарори ўзгартирилди, ИИБ пробация гуруҳи инспектори интизомий жавобгарликка тортилди.

8. Вилоятда ноқонуний олтин қазиб олиш ортидан ўлим ҳолатлари аниқланди. Хусусан, июнь ойида Хатирчи туманининг Оқтепа маҳалласида эски ташландиқ кондан олтин қазиб олаётган икки нафар ҳамда уларни қутқариш учун ортидан кирган яна икки йигит чиқинди газдан бўғилиб, вафот этди. 13 ноябрь куни эса шу каби ҳолат Конимех туманининг Караката овулида жойлашган Лолазор номи билан аталувчи чўл ҳудудида содир бўлди. Таркибида олтин бўлган рудани қазиб олиш жараёнида бир гуруҳ кишилар қум остида қолди ва бунинг оқибатида 4 киши ҳалок бўлди.

Top