Ўзбекистон | 08:38 / 04.01.2022
10019
1 дақиқада ўқилади

9 та шаҳарда Ўзбекистон бош консулхоналари очилади

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Фото: Facebook/Embassy of the Republic of Uzbekistan in Seoul

2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги янги консуллик муассасалари ташкил этилади.

Хусусан, Россия Федерациясининг Самара, Астрахань, Тула, Калининград ва Нижний Новгород, Қозоғистоннинг Чимкент, Чехиянинг Прага, Канаданинг Оттава, Корея Республикасининг Пусан шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг бош консулхоналари очилади.

Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги бош консулхоналари (Санкт-Петербург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон, Новосибирск ва Екатеринбург), АҚШнинг Нью-Йорк, Германиянинг Франкфурт-Майн ва Туркиянинг Истанбул шаҳарларида жойлашган бош консулхоналари ходимлари сонини ошириш ҳам кўзда тутилган.

Россиянинг Москва шаҳридаги, Польшанинг Варшава шаҳридаги ва Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихоналар штат жадвалларига биттадан янги консул штат бирлиги киритилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид