Ўзбекистон | 11:36 / 04.01.2022
3380
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга БМТ тузилмаларининг инсонпарварлик ёрдами жалб қилинади

Ўзбекистон БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштиради. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Хусусан, БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликда республикада йирик халқаро маданий форумларни ўтказиш режалаштирилмоқда. БМТ тузилмаларининг инсонпарварлик ёрдамини республикага жалб қилиш ҳам назарда тутилган. Республика вакилларининг йирик халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлашга кўмаклашиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида ўтказиладиган сиёсий-дипломатик ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари миқёси кенгайтирилади.

Республикада рўй бераётган жараёнлар ҳақида пресс-релизлар БМТ доирасида кенг тарқатилади. Республикада ўтказилаётган йирик халқаро тадбирлар ҳақидаги маълумотлар БМТ бош ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида чоп эттирилади ва тарқатилади. 

БМТ тузилмалари доирасида интервьюлар ташкил қилиш, Ўзбекистон ҳақидаги тегишли мақолаларни тайёрлаб хорижий ва маҳаллий ОАВда чоп эттириш, БМТ тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда анжуманлар, брифинглар, сайд-ивентлар, роуд-шоулар ва “давра суҳбатлари”ни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид